Белтов овулида ўтказилган фестиваль ғолиблари тақдирланди

09:23 02 Октябр 2023 Жамият
251 0

Фото: Халқ сўзи

Тахтакўпир тумани “Белтов” овул фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилаётган “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” ҳамда “Аббоз овози – Қаратеран оҳанглари” фестиваллари якунига етди. Тадбирда давомида бахшичилик йўналишида ҳамда балиқдан турли хил таомлар тайёрлаш бўйича юзга яқин иштирокчилар ўзларининг маҳоратини кўрсатиб, беллашдилар.

Дастлаб, “Аббоз овози – Қаратеран оҳанглари” фольклор фестивалида бахши ва жировлар ижро этган достонлари ҳакамлар томонидан баҳоланди.

Унга кўра, бахшичилик йўналишида 1-ўринни Гулчинор Қудайбекргенова ва Толибай Бердимуратовлар эгаллаган бўлса, қиссахонлик йўналишида 1-ўрин Қдирбай Жуманязов ва Кумисай Султанбаеваларга насиб этди. Шунингдек, жировлар беллашувида Карим Хабибназаров 1-ўринга муносиб топилди. Фестивалда ташкилотчилар томонидан биринчи ўринни эгаллаганларга 5 миллион сўм, иккинчи ўринга 3 миллион ва 3- ўринни эгаллаган бахши жировлар 1 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Тадбирнинг иккинчи кунида “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” танловининг ғолиблари ҳам аниқланди.

Эрта тонгдан кечгача давом этган танловда халқаро даражадаги ошпазлар 60 нафардан ортиқ ошпаз ва уларнинг ёрдамчилари томонидан тайёрланган балиқ таомлари ва уларни дастурхонга тортиш маҳоратларини баҳолаб бордилар.

— Бу галги балиқ таомларидан таом тайёрлаш бўйича ўтказилган танловда ошпазларга шароит яратиш ва шартларни шаффоф танлаш жуда яхши ташкил қилинган, —дейди нукуслик ошпаз Мадина Давлетмуратова. — Ҳар бир иштирокчи ҳакамлар томонидан тайёрланган билетларни танлаб уларда берилган 5 та таомни тайёрлашга киришдик. Жараёнларни ҳакамлар жамоаси кузатиб боришди. Кези келганда иштирокчиларга эътирозларини билдиришди, маҳорат дарсларини ҳам ўтказишди. Фестиваль давомида бошқа вилоятлардан келган ошпазлар билан ҳам фикр алмашиб, маҳоратимизни оширдик. Ўйлайманки, Қорақалпоғистонда бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ҳудуднинг гастрономик туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Белтовда ўтказилган “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” фестивалининг ошпазлар беллашувида Нукус шаҳридан иштирок этган ошпаз Мадина Давлетмуратова 1-ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин мўйноқлик Улбосын Сейтбаевага насиб этди. Навоий вилоятидан Шазод Хусенов ҳамда элликқалъалик Элёр Атажановлар 3-ўринни эгаллашди.

Фестиваль ғолиблари ва фаол иштирокчилар тадбир ташкилотчилари томонидан диплом, эсдалик совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Маълумот учун “Белтов”да ўтказган “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” ҳамда “Аббоз овози – Қаратеран оҳанглари” фестиваллари Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, “Ўзбекбалиқсаноат” бирлашмаси, Маданият вазирлиги, Тахтакўпир тумани ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер