Бедорлик зарур
Бугун жуда оғир йиғилиш бўлди. Масала – олий таълим тизимидаги коррупция ҳолатлари ва уни бартараф этиш чоралари ҳақида. Олий таълим тизимида ишлаётганимга 41 йил бўляптики, бундай жиддий, ўта оғриқли масала қўйилган йиғилишни эслолмайман. Бу бугунги зарурат туфайли бўлганлигини яхши англаб турибмиз.
Мен мактабда ўқиган давримдан тарихий асарларни хуш кўриб ўқийман. Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг айтганлари ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Мингта лоқайд, шижоатсиз аскардан битта шижоатли аскар афзалдир”. Ушбу жумланинг маъносини таҳлил қилсангиз, бугун миллий тикланишдан миллий юксалиш сари илдам қадам билан буюк режаларни мақсад қилган кунимизда ҳам буюк бобомиз айтган сўзлар ҳеч аҳамиятини йўқотмаган. Доно халқимизда яна бир сўз бор: “Лоқайдлик ҳар қандай душмандан ҳам хавфли”. Нега бу сўзларни ёзяпман? Ўзингиз ўйлаб кўринг: бугун юртимизда ҳар бир соҳада жуда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар бўлмоқда. Бугун фарзандларимиз, набира ва эвараларимиз учун келажакнинг пойдеворини қўйяпмиз. Пойдевор қанчалик чуқур ва пишиқ бўлса, унга қурилган иморат мустаҳкам бўлади. Демак, бугун ўз авлоди келажагини ўйлаган ҳар бир юртдошимиз Муҳтарам Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларга ўз улушини қўшиб қолиши керак.
Ислоҳот бўлаётган муҳим соҳалардан бири – олий таълим тизими. Нега бу соҳага ўта жиддий эътибор берилмоқда? Чунки келажак пойдеворини қуйишда соғлом фикрловчи, чуқур билимга эга бўлган кадрлар фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Бу бизга ойдек равшан. Демак, олий маълумотли кадрлар тайёрлашда хиёнат миллат келажагига хиёнат тарзида баҳоланади.
Сўзимнинг бошида айтганимдек, мен ўқиган буюк Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий асарларида ҳар хил даражадаги таълим ҳақида фикрлар бор, лекин уларнинг биронтасида устознинг муттаҳамлиги, пасткашлиги, таъмагирлиги ҳақида айтилмайди. Чунки ўтмишда ҳар қачон ҳам таълим соҳаси бундай салбий иллатлардан ҳоли бўлганлиги ҳақиқатдир. Нега бугун биз таълим тизимидаги коррупция ҳақида кўп бонг уряпмиз, огоҳлантириляпмиз?
Яқин ўтмиш сарқити ҳануз давом этаётганлиги жуда ачинарли, қолаверса, бу соҳадаги салбий ҳолатлар ҳақида гап кетганда юракларимиз зирқираб кетяпти. Бугун ҳар биримиз кўзимизни каттароқ очишимиз, ўз келажагимизга ўзимиз болта ураётганлигимизни юракдан, виждонан ҳис этишимиз вақти аллақачон келганини сезишимиз шарт! Ахир, устоз отангдек улуғ, деган нақл бор-ку! Ота ўз фарзанди учун ўгит берса, тарбия берса, бунинг учун таъмагирлик қилмайди-ку! Нега бу ярамас ботқоқдан чиқа олмаяпмиз? Инсон бу дунёга келганда фақат қорин учун, ҳашаматли ҳаёт учун яшамайдику! Қорин ташвишидан бошқа қадриятларимиз ҳам бор-ку!
Навоий айтади:
“Тут баргичалик қимматинг йўқми,
Ипак қуртичалик ҳимматинг йўқми?”
Жуда сермаъно сўзлар.
Таклифим: бугун ҳар биримиз, ким бўлишимиздан қатъий назар, ўз келажагимиз яратилаётган кунимизда ҳар қандай қинғирликни улоқтириб, буюк Ўзбекистонимизнинг буюк давлат бўлиб тараққий этишига муносиб ҳиссамизни қўшишимиз шарт. Миллат, юрт келажагини, тақдирини ўйлаган ҳар биримиз бу ишга бош қўшишимиз керак. Акс ҳолда, тут баргичалик қимматимиз ҳам, ипак қуртичалик ҳимматимиз ҳам бўлмайди. Келажак авлод олдида юзимиз шувут бўлади.
Ўйлайманки, юрт қайғусидаги инсонлар, айниқса, муҳтарам устозлар бу борада ўз олдиларидаги муқаддас вазифани англаб етдилар. Муҳтарам Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларни рўёбга чиқаришда қўшқанот бўла оламиз. Бунинг учун бедорлик, халқимизга садоқат билан меҳнат қилишимизни ҳар биримиз англаб турибмиз. Бунга ишончим комил.
Иброҳим Юлдашев
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг