Бебаҳо совға
Навоий вилояти ҳокими ўзи ўқиган мактабга китоблар тўпламини совға қилди.
Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 19 март кунидаги йиғилишда китобхонликни ривожлантириш орқали фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиш ва ҳар бир раҳбарнинг ўзи ўқиган мактаби кутубхонасига китоблар совға қилиши хусусидаги ташаббуси Навоий вилоятида ҳам корхона, ташкилот ва бошқармалар раҳбар ходимлари томонидан юксак ишонч ва инсоний бурч сифатида қабул қилинди. Зеро,таълим берган даргоҳга келиб китоб топшириш, эришилган ютуқ ва мартабада китобнинг ўрни борасида дилдан суҳбатлашиш ўсиб келаётган авлод қалбида шижоат оловини ёқиши шубҳасиз.
Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов Кармана туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабига келиб, унинг кутубхонасига 200та китоб совға қилди. Шу баҳона илм даргоҳининг педагогик жамоаси ва ўқувчилари билан учрашиб, ўқиган асарлари, севимли адабий қаҳрамонлари, бугунги адабий жараён ва мутолаа маданияти хусусида ўз муносабатларини билдирди.
Мактаб жамоаси бебаҳо совғалар учун самимий миннатдорчилик билдириб, ушбу туҳфа ёшлар дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, уларнинг китобга ошно тутинишида муҳим омил бўлишини таъкидладилар.
Темур ЭШБОЕВ, (“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг