Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги муҳим
Пойтахтимизда “Парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва аҳолининг хабардорлигини оширишдаги ўрни” мавзуида онлайн ва офлайн шаклда халқаро давра суҳбати ўтказилди.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтлари ўрнини ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш масаласига бағишланган тадбир Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Олий Мажлиси Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Норбоева, сенатор ва депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари, мамлакатимиздаги дипломатик корпуслар вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланди. Ўтган йилнинг 29 декабрида эса Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича қўшма қарори қабул қилинди. У билан 13 та йўналиш бўйича 50дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Бу қўшма қарор Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган “инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” тамойилига уйғун эканлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Халқаро анжуманда сўз олган Олий Мажлис Сенати Раиси барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда манфаатлар мувозанатининг самарали механизми яратилгани, соҳада парламент назорати ўрнатилгани, хусусан, миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилгани ҳамда унинг фаолияти хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
— Ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси томонидан 10 та миллий мақсад ва унинг 51 та вазифаси ҳамда 81 та индикатори бўйича ҳудудларда барқарор ривожлантириш борасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг бажарилиши ҳолати ўрганилди. Ўрганиш якуни юзасидан Парламент комиссияси мажлисларида 28 нафар вазирлик ва идора, шу жумладан, Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбарининг ахбороти эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди, — деди Сенат Раиси.
Маъруза ва муҳокамалар мобайнида экспертлар давлатимиз раҳбари сўнгги етти йил ичида БМТ Бош Ассамблеяларида умумбашарий муаммолар ечимига оид 10 дан зиёд ташаббуслар билан чиққани ва энг муҳими мазкур ташаббуслар Бош Ассамблея томонидан тўла қўллаб-қувватлагани ҳамда тегишли резолюциялар қабул қилинганлигига тўхталиб ўтди.

Давра суҳбатида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда БМТ Бош Ассамблеясининг юқорида келтириб ўтилган резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисидаги парламент палаталари Кенгашлари қўшма қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
“Халқ сўзи”.
Юнус Бўриев олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг