Банк бозорида автокредит арзонлашиб, микроқарз қимматлашди

15:24 04 Март 2026 Иқтисодиёт
160 0

Жорий йилнинг март ойи бошида Ўзбекистон банк секторида истеъмол кредитларининг асосий турлари ўртасидаги фарқ сезиларли даражага етди. Марказий банк томонидан 2 март ҳолатига кўра тақдим этилган маълумотлар шуни кўрсатадики, молия бозори бир вақтнинг ўзида ҳам арзонлашиш, ҳам қимматлашиш тенденцияларини бошдан кечирмоқда.

Автокредитнинг барқарор пасайиши

Автокредит сектори истеъмолчилар учун энг ижобий ўзгаришларни намойиш этмоқда. Сўнгги бир ҳафта ичида ўртача йиллик фоиз ставкаси 0,4 фоиз бандга пасайиб, 22,5 фоизни ташкил этди. Бу шунчаки бир ҳафталик ўзгариш эмас, балки узоқ муддатли тенденциянинг давоми бўлиши мумкин.

Мазкур пастлаш бир нечта иқтисодий ва ҳуқуқий омиллар билан боғлиқ. Хусусан, шу йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди. Унда давлатимиз раҳбари масъулларга автокредит ставкасини пасайтириш топшириғини берганди.

Шунингдек, банклар ва маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кооперация алоқалари натижасида имтиёзли кредит пакетлари жорий этилди. Хусусан, Ипотека банкда энг паст кўрсаткич — 16,9 фоиз қайд этилган бўлса, Apex банкда 18,5 фоиз ставка таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, автомобиль ишончли гаров таъминоти ҳисоблангани сабабли, банклар ушбу сегментни паст хатарли деб баҳоламоқда ва бу бевосита фоизлар пасайишида акс этмоқда.

Мазкур кўрсаткичларни 2025 йилнинг охири 2026 йилнинг боши билан солиштирганда автокредитлар бўйича ўртача ставкалар барқарор равишда 23-25 фоиз оралиғида сақланиб келган. Бозорда 20 фоиздан паст ставкаларни топиш амалда имконсиз эди. Ҳозирга келиб эса, бозорда рақобат кучайган, банклар автоишлаб чиқарувчилар билан коалицион келишувлар доирасида ставкаларни пасайтирган. Бугунга келиб, бозордаги энг юқори ставкалар ҳам 28 фоиздан ошмайди. Ушбу пасайиш банкларнинг кредитлаш ҳажмини ошириш истаги ва автомобиль бозоридаги талабни қўллаб-қувватлаш зарурати билан изоҳланади. Пасайиш суръати (-0,4 фоиз) ушбу секторда капиталнинг барқарорлашаётганидан дарак беради.

Микроқарз: таклифнинг кенгайиши ва хатарларнинг ортиши

Микроқарз бозори автокредитга мутлақо тескари динамикани кўрсатмоқда. Бу ерда фоиз ставкалари нафақат юқори, балки улар ўсиш тенденциясига ҳам эга. Шу йилнинг февраль ойи охири, март ойи (сўнгги 10 иш куни) бошида ўртача ставка 0,3 фоиз бандга ошиб, 29,6 фоизга етди.

Микроқарзларнинг фоиз ставкалари кўтарилиши бир қатор сабабларга боғлиқ. Жумладан, микроқарзлар асосан гаровсиз берилиши сабабли, юзага келиши мумкин бўлган қайтмас қарзлар улуши (муаммоли кредитлар) банклар томонидан юқори фоиз ставкалари орқали мувозанатлаштирилади. Рақамли банкларда (TBC, Anor, Tenge) ставкалар 40 фоиздан 42,7 фоизгача етган.

Шунингдек, кредит ажратиш жараёнини тезлаштириш (скоринг тизимлари, 5 дақиқалик тасдиқлаш) учун сарфланган инвестициялар ҳам маҳсулот таннархига таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, аҳоли орасида қисқа муддатли молиявий ресурсларга бўлган юқори талаб таклиф нархининг барқарор ўсишига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтдаги микроқарз фоиз ставкаларини 2025 йилнинг мос даври билан солиштирганда қарзлар асосан анъанавий банклар томонидан тақдим этилганига гувоҳ бўламиз. Ушбу ҳолатда микроқарзлар ставкаси 24-28 фоиз оралиғида бўлиб, рақамли банкларнинг ҳиссаси паст эди.

Ҳозирга келиб, бозорда рақамли банклар ва финтех компаниялар улуши кескин ортган. Улар таклиф қилаётган тезкорлик (5 дақиқа ичида пул) юқори рискни ўз ичига олади, бу эса қарз фоизларига ҳам таъсир ўтказади.

Анъанавий банклар ҳамда рақамли банклар томонидан тақдим этилаётган микроқарзларнинг фоиз фарқларини қуйидаги жадвал орқали билиб олишингиз мумкин:

Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер