Бандлик, ободлик ва ижтимоий ҳимоя
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Бухоро тумани сўнгги йилларда ҳар томонлама комплекс ривожланяпти. Албатта, ушбу жараёнларда барча вазирлик, идора ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар муносиб ҳиссани қўшмоқда.
Бу ҳақда сўз очилганда, албатта, иккинчи сектор масъулларини ҳам тилга олиш ўринли. Боиси ушбу сектор фаоллари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бирга, аҳоли муаммоларини жойига чиқиб ўрганиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича аниқ механизм асосида иш юритяпти.

Туман иккинчи сектор ҳудудида жами ўнта маҳалла бириктирилган. уларда 51 мингга яқин истиқомат қилмоқда. Ҳудудда ўнлаб мактаб ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолият юритаётир.
Ҳозирга қадар 18-30 ёшгача бўлган ёшлар хатловдан ўтказилиб, сектор ҳудуди бўйича 291 нафари “ёшлар дафтари”га киритилди. Шунингдек, “ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, сектордаги 291 ишсиз ёшдан 265 нафарининг бандлиги таъминланди. “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” лойихаси бўйича 8 нафар, кредит олган 65 нафар ҳамда бошқа йўналишларда 48 нафар ёш жалб этилди.
Аёллар масаласи ҳам 2-сектор фаолларининг доимий эътиборда. Ўтган йилнинг октябрь — декабрь ойларида “аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича 9,299 нафар хотин-қиз билан мулоқотлар ўтказилган ва унинг якунлари бўйича 400 нафар “аёллар дафтари”га киритилган эди. Жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг барчасига амалий ёрдам кўрсатилиб, бандлиги таъминланди.

Жумладан, Подшоҳи қишлоғида яшовчи Дилором Неъматова Бухоро шаҳар туғруқ комплексига, “Хонабод” МФЙда яшовчи Шоира Ҳайдарова эса 51-умумтаълим мактабига хизматчи вазифасига ишга жойлаштирилди.
Чорбакр қишлоғилик Зарнигор Атамуродовага нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида имтиёзли кредит олиб берилди.
Яна бир жиҳат. Сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасида “Аёллар маслаҳат кенгаши” тузилган. Ушбу маслаҳат кенгашларига жорий йилнинг ўтган даврида 56 та мурожаат тушган бўлиб, уларнинг барчаси белгиланган муддатларда кўриб чиқилди. Биргина, оилавий келишмовчилик масалалари юзасидан келиб тушган мурожаатларнинг 16 таси яраштирилган.

Бундан ташқари, “темир дафтар”даги 1944 та оилага амалий ёрдамлар кўрсатилиши натижасида уларнинг 95 фоизининг ижтимоий аҳволи яхшиланиб, дафтардан чиқарилган. Бугунги кунда, “темир дафтар”да рўйхатда турувчи 105 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Сектор ҳудудидаги “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ҳамда “аёллар дафтари”даги 105 нафар оилага “дуга” усулида иссиқхоналар қуриб берилди.
“Маҳалла — ислоҳотчи”. Бугунги кунда ушбу тамойил асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилма ҳамда муҳандислик коммуникация тармоқлари ҳолатини маҳаллабай ўрганиш асосида яхшилаш чоралар кўриляпти.

Жумладан, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар, ҳуқуқ-тарғибот масалалари бўйича ўқув-семинарлар, шунингдек, ҳудудлардаги муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича амалга оширилган ишларни умумлаштирувчи мониторинг штаби ташкил қилинди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида спорт соғломлаштириш ишларини ташкил этиш мақсадида ўнта воркаут спорт майдончаси қуриш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 6 маҳаллада ана шундай ўйингоҳ фойдаланишга топширилди. Транспорт қатнови хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида сектордаги маҳаллаларнинг 24 км. узунликдаги ички йўлларига шағал ётқизилди.
Буларнинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардир. Демак, келгусида туман маҳаллалари янада обод бўлаверади.
“Халқ сўзи”.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг