Байрам шукуҳи ҳар бир хонадонга, ҳар бир қалбга кириб борди

11:33 01 Июль 2022 Жамият
616 0

Фото: Сирожиддин Вохидов/«Халқ сўзи»

Мамлакатимизда 30 июнь — Ёшлар куни катта байрам сифатида кенг нишонланди. Тантанали тадбирлар, офтоб тафтидек ҳароратли тилаклар, табриклар ва кутилмаган совғалар. Қувонч ва ҳаяжон, эзгу ниятларга бурканган дил сўзлари... Байрамнинг ана шундай шукуҳли манзараси Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида, шаҳару қишлоқларда, таълим масканларида, маҳаллаларда, ҳар бир хонадонда, ҳар бир қалбда намоён бўлди.

Айниқса, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида оғир дард билан курашаётган болаларга Президент совғасининг туҳфа этилиши уларга нафақат байрам қувончини улашди, балки кўтаринки руҳ, эртанги кунга умид ва ишонч бахш этди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 17 июнь куни ушбу марказга ташриф буюриб, шифохонада яратилган шароитларни кўздан кечирди, бемор болалар ва уларнинг ота-оналари билан дилдан суҳбатлашиб, кўнглини кўтарди.

Президентимиз суҳбат чоғида «Биз давлат бўлиб, ақлимизни, кучимизни ишга солиб, бу касалликларни енгишимиз керак. Ота-оналарга кўмак бериб, болаларнинг дардига малҳам бўлиб, уларни соғайтиришимиз зарур», деди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи юракларни нурга тўлдирди. Ҳаётга меҳр-муҳаббати ошган, келажакка ёруғ ниятлар билан боққан болажонлар Президентга мактуб йўллаб, ўз қизиқишлари, орзу-интилишлари ҳақида ёзишди.

Ҳар бир ўғил-қизни менинг фарзандим деб эъзозлагувчи, уларнинг бахту иқболи учун ҳар нарса тайёр давлатимиз раҳбари бу хатларни — дил изҳорларини эътиборсиз қолдириши мумкинми?! Йўқ, асло! Ҳар бирига жавоб мактуби йўллаб, ўзининг эзгу тилакларини, ишончини билдирди. Меҳр-эътибори ифодаси сифатида эсдалик совғалари юборди.

Шу муносабат билан марказда давлат ва жамоат арбоблари, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, спорт, санъат ва маданият намояндалари жам бўлди.

Ҳарбий оркестр садолари кўнгилларга байрам шукуҳини олиб кирди.

Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов давлатимиз раҳбарининг ана шу қимматли туҳфаларини — жавоб мактублари ҳамда китоблар, спорт анжомлари, мусиқа созлари ва бошқа совға-саломларини ўз эгаларига топширар экан, болаларнинг кўзлари юлдуздек порлади. Кимдир хурсандлигини самимий миннатдорлик сўзлари билан, кимдир ўзи ёзган шеър билан, кимдир шодон ва беғубор кулгилари билан ифодалади.

Тақдирнинг аччиқ синовларидан ғамгин тортган ота-оналар кўзларида севинч ёшлари ҳалқаланди.

— Бу шунчаки совға эмас, — дейди бухоролик Нигора Эргашева. — У ҳаёт учун курашишга даъват, соғайишга чорлов. Совға олган қизимнинг хурсандчилигини кўриб, тўғриси, мен ҳам йиғладим. Бу бироз ноодатий туюлиши мумкин. Лекин узоқ вақтдан буён оғир дард билан курашиб, ҳар лаҳзадан, ҳар бир суҳбатдан мўъжиза кутиб яшаётган фарзандимнинг кўзидаги чақинни, ҳаётга муҳаббатни кўриш — мен учун бахт.

Дарҳақиқат, инсон учун энг катта туҳфа — эътибор. Ҳатто биргина яхши сўз баҳор ёмғири қақроқ дашту биёбонларга ҳаёт бахш этганидек меҳрга ташна қалбда умид ва ишонч гулларини ундириши, тақдирда мўъжизавий ўзгаришлар ясаши мумкин. Меҳр-мурувватнинг қудратини, сеҳрию жозибасини сўз билан ифодалаш қийин.

— Қувончларим чексиз. Ҳаяжондаман, — дейди Дилзода Сайидхўжаева. — Президентимизга талаба бўлиш истагимни баён этгандим. Мана, орзуларим рўёбга чиқди. Менга Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига 2023/2024 ўқув йилидан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида сертификат беришди. «Наҳот, мен ҳам талаба бўламан?!», деган ўйдан дилим тўлқинланиб, ёришиб турибди. Инсон қадри улуғланган юрт фарзанди эканимдан фахрланаман.

«Халқ сўзи»,
Фото: 
Сирожиддин Вохидов/«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер