Баҳорнинг бир куни йилни боқади!

19:01 14 Апрель 2023 Жамият
852 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг Учкўприк ва Бағдод туманида қишлоқ хўжалигитда муҳим агротехник тадбирларга бағишланган амалий семинарлар ўтказилди 

Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлган пахтачиликда ғўза парваришида биринчи комплекс агротехник тадбирларни сифатли амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига кўра, Учкўприк ва Бағдод туманида ғўза, ғалла парвариши ҳамда пилла етиштириш масалаларига бағишланган кўргазмали семинарлар ташкил этилди. Тадбирда вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари, туманлар ҳокимлари ва секторлари, пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, фермерлар ҳамда дахлдор мутасадди идоралар вакиллари қатнашди. 

Тадбирда юқори ҳосилдор қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, кимёвий ўғитлар намуналари, техникалардан иборат қишлоқ хўжалиги кўргазмаси намойиш этилди. Очиқ майдонда замонавий агротехника воситаларини ғўза қатор ораларига дастлабки сифатли ишлов бериш учун тайёрлаш жараёнлари кўздан кечирилди.

Қулай об-ҳаво натижасида бугунги кунда вилоятда қарийб 90 фоиз далаларга қадалган чигитлар униб чиқиб улгургани қайд этилиб, ғўза ниҳолларига дастлабки сифатли ишлов беришни таъминлаш – мўл ҳосил гарови экани таъкидланди.

Кластер корхоналари томонидан дастлабки ишлов даври учун фермерларга зарур ўғит ва ёқилги захирасини етарли шакллантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Пахта ҳосилдорлигини ошириш мақсадида республика қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилган юқори самарали, экология жиҳатидан хавфсиз ва кам заҳарли кимёвий ва биологик препаратларни қўллаш зарурлиги қайд этилди. 
 Юзма-юз мулоқотда фермер хўжаликларининг дала четларидаги ер майдонларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани танқид қилиниб, Учкўприк ва Бағдод туманларида бу борада амалга оширишга киришилган ишлар натижалари таҳлил қилинди. Кластерлар раҳбарларига ҳамда фермерларга дала четларидаги майдонларни ўзлаштириб, сабзавот, полиз ва картошка экинлари, ток, тут, терак каби дарахтлар экиш, зовур ва сув бўйларида парранда боқиш ҳамда асалари уяси жойлаштириш юзасидан аниқ вазилар белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан 2023 йил 1 апрелдан тажриба тариқасида республика бюджетидан пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига уларнинг ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариб бериш тартиби жорий этилгани қайд этилиб, вилоятдаги барча фермер хўжаликларига бир ой муддатда ўз ишчи-ходимларини меҳнат қонунчилигига асосан расмийлаштириш тавсия этилди. 

Ўз навбатида тадбирда ғаллачилик ва пилла етиштиришга тайёргарлик бўйича зарурий чора-тадбирларни кўриш масаласи ҳам келишиб олинди.

Семинар ишида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер