Баҳорни қалбига кўчирган аёл

13:17 21 Февраль 2022 Жамият
685 0

Фото: Халқ сўзи

Гуллар — табиатнинг энг гўзал инъоми. Кўнгилларни яйратувчи бу назокат элчилари — гулларни етиштирувчиларнинг қалби ҳам эзгулик билан ҳамоҳанг, десак сира муболаға қилмаган бўламиз. Зотан, гўзалликни гўзал қалблар яратади.

Сўзимиз исботи сифатида гулчиликда ўзига хос мактаб яратган Китоб туманидаги Ҳамид Олимжон маҳалласида яшовчи Шоҳистахон Фармонованини кўрсатишимиз мумкин. Шоҳистахоннинг ўзи гўзаллик шайдоси. Ҳовлисига баҳорни кўчириб келгандек тасаввур уйғонади унинг хонадонига кирган кишида.

— Бир кун гулларимни кўрмасам, худди ниманидир йўқотгандай бўламан, — дейди Шоҳистахон. — Менинг қўлларимда очилган гуллар нафақат Китоб тумани, балки воҳамизнинг турли ҳудудларидаги маъмурий бинолар, корхона ва ташкилотлар, мактаблар, боғчалар ва шифохоналар йўлакларида одамларга нафосат улашиб турганини кўрганимда жуда қувонаман. Тўғриси, гулчи эканимдан, шундай гўзалликлар яратаётганимдан ғурурланаман.

Шоҳидахоннинг 11 сотих ҳовлисининг иморат жойлашган қисмидан ташқари ҳаммасида гуллар барқ уриб турибди. Унинг айтишича, 50 минг туп қишин-ёзин очилиб турадиган капалакнусха гул ҳозирда сотишга тайёр. Ҳар бир тупи 2-2,5 минг сўмдан сотилиши мўлжалланяпти. Хомчўт қилиб кўрсангиз, 100 млн. сўмдан ошади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Шоҳидахон турмуш ўртоғи Дилшоджон Раҳимов билан сотиб юборилган гул ўрнига кўкатлар экиб, ундан ҳам 10-15 млн. сўм миқдорида даромад топмоқда. Кўкатлар ўрнига кузда тағин гул уруғи сепилади. Бу бир мавсумда томорқадан 3 марта ҳосил олинади, дегани.

— Бу ҳовлига кўчиб келганимизда теп-текис ер эди, — дейди Дилшоджон. — Дастлаб вақтинчалик уй қурдик ва шу мўъжазгина уйчада яшаб, гул етиштиришни йўлга қўйдик. Мана, кўриб турганингиздек, данғиллама уй-жой қурдик, «Дамас» ва «Некция» олдик. Икки фарзандимизни контракт асосида ўқитяпмиз. Рости, бугун ҳеч кимдан кам эмасмиз. Буларнинг ҳаммасига гулчиликка меҳр қўйганимиз, тиним билмай меҳнат қилганимиз эвазига эришдик.

Шоҳидахоннинг бир гапи мени қизиқтириб қолди:

— Дилшод ака ҳам тенгдошлари каби Россия Федерацияси ёки Туркияга ишга кетмоқчи бўлганида мен қўймаганман, — дейди Ш. Фармонова. — Агар иккаламиз муштни бир жойга урсак, шу ернинг ўзида хориждагидан кўп пул топамиз, деганман. Вақт менинг ҳақлигимни исботлади.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер