Ажал сари элтувчи муаммони биргаликда бартараф этмоқ керак

17:59 12 Май 2023 Жамият
660 0

Иллюстратив фото

Глобаллашув жараёнида ижтимоий ҳаётдаги турли воқеа-ҳодиса, жараёнларнинг салбийлашуви ва уларнинг таъсири натижасида пайдо бўлувчи криминоген омиллар шахсларда турли хил салбий одатларни шаклланишига олиб келмоқда. Бундай одатлардан бири шуҳасиз гиёхвандликдир. 

Гиёҳвандлик жамиятга ва инсонларга ниҳоятда кўп зарар етказадиган офат, десак асло муболаға бўлмайди. Сабаби, гиёҳвандлик воситалари шахснинг, нафақат, жисмоний жиҳатларига, балки, унинг рухиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Тиббий тадқиқотларга кўра гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчиларнинг организми бошқа зарарли одатлар билан шуғулланувчи шахслар организимига нисбатан 15-20 маротаба тезроқ ишдан чиқади. Уни истеъмол қилган киши бир лахза бўлсада, ҳаёт ташвишларидан йироқлашиш ёки физиологик роҳатланишга бўлган хоҳишини шу тарқиа сўндириши мумкин, бироқ, ҳаётини захарлаётганини ҳам англаб етмоғи керак. Зеро, улкан тоғлар ҳам майда зарралардан яралади. Зеро, гиёҳванд моддалар таркибига кирувчи наша, қора дори, героин, кўкнори, опиум, кокаин, феномин кабилар кишининг марказий асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиб, уни ақлан бошқаришга монеълик қилади. Натижада гиёҳванд модда таъсирида инсон жамиятда ўрнатилган тартиб қоида ва қонунларни менсимай ҳар хил жиноятлар содир этиши мумкин.

Ўрганишлар натижасида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларнинг 64,8 фоизи қизиқиш орқали, 11,7 фоизи касаллик оқибатида, 14,6 фоизи мавжуд муҳит орқали, 2,5 фоизи оғир кечинмалар туфайли, 2,4 фоизи гиёҳванд моддаларнинг зарарини билмаслиги туфайли, 1,3 фоизи бошқа шахслар томонидан мажбурлаш оқибатида, 1,1 фоизи айрим кўрсатмага мувофиқ, 1,6 фоизи эса бошқа сабабларга кўра истеъмол қилишлари аниқланган.

Ушбу ҳолат инсонни ўлим ҳолатига олиб келувчи тақдир йўлидир. Шундай экан, унга қарши курашиш, олдини олиш, салбий таъсир кучини енгиш чоараларини кўриш ҳамма вақт муҳим бўлмоғи керак. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш учун муайян идораларнинг фаолияти етарли эмас. Қачонки, ҳар бир инсон унга қарши курашни ўзида бошламас экан, хавфлилик даражасини енгиш чораси ҳам ожизлигича қолаверади. Шундай экан, келинг, гиёҳвандликка қарши биргаликда курашамиз.

Аброрбек АЛИМОВ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси курсанти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер