“Аёллар дафтари”даги аёл қандай қилиб камбағалликдан халос бўлди?
Фото: "Халқ сўзи"
Шоҳида Ҳамроева Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги “Тинчлик” маҳалласида яшайди. “Аёллар дафтари”га киритилган. Турмуш ўртоғининг ногиронлиги бор. Оилада уч фарзанд тарбияланмоқда.
-Вақт деганлари сувдек ўтиб кетаркан,- дейди Шоҳида.- Болаларим ўсиб-улғайиб, бири институтга, бири эса техникумга ўқишга кирди. Шошиб қолдим. Ахир уларни ўқитиш, шартнома пулларини тўлаш оғизга осон...
“Шоҳида табиатан тиниб-тинчимас аёл. Тикувчилик қўлидан келади. Агар ўқиса-ўрганса, чеварчиликни қиёмига етказиб ўзлаштирса, рўзғори бут бўлиши тайин”...
Маҳалла фаолларининг мана шундай гап-сўзлари қулоғига чалинган Шоҳидада илк бор ўзига нисбатан ишонч ҳисси пайдо бўлди. Бу эса уни Бухоро вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик марказига етаклади. Марказда у зарур билим ва малакага эга бўлди. Билмаганларини ўрганди. Қоровулбозорга қайтиб мўъжазгина цех очди. Салкам 8 миллион сўм миқдоридаги кредит эвазига замонавий тикув машинаси харид қилди.
-Буюртма асосида ишлаяпмиз,- дейди Шоҳида. - Ўзимга ўхшаб “Аёллар дафтари”га кирган опа-сингилларимизнинг беш-олти нафарини ёнимга олдим. Уларга ҳунар сирларини ўргатяпман. Сизга ёлғон, менга чин, тикаётган либосларимиз сифат жиҳатидан импорт маҳсулотларидан қолишмайди. Ҳатто мижозларимиздан бири “Сиз тиккан мана бу кўйлакнинг олдида хорижникига йўл бўлсин!” деб яна буюртма берди. Шукр, қора қозонни қандай қилиб қайнатар эканмиз, дея хавотирда юрган дамларим ортда қолди. Болаларимни ўқитяпман. Рўзғорга барака кирди. Мен энди ўзимни камбағал деб ҳисобламайман.
Айтмоқчи, Шоҳида Ҳамроевани профессионал тикувчи даражасига етишига қўл-қанот бўлган Бухоро вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик марказида жорий йилнинг ўтган даврида тикувчилик, пазандалик, зардўзлик каби жами ўн йўналишда 3 минг нафар аёл касб-ҳунар ўрганди. Уларнинг аксарияти “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га кирган ишсиз опа – сингилларимиз бўлиб, бугунги кунда аксарияти марказда ўрганганларини амалиётда қўллаб, рўзғорига барака киритмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг