Автолизинг... эҳтиёт бўлинг!

18:01 21 Август 2019 Жамият
6778 0

Психологларнинг фикрича? инсоннингтўкин яшаши омиллари сирасига ўз шахсий уйи, оиласи ва фарзандлари борлиги ҳамда шахсий машинага эга эканлиги кирар экан. Албатта, булар нисбий тушунчалар бўлиб, бахт ва тўкисликни ҳамма ўз дунёқарашидан келиб чиқиб белгилайди. Аммо бугунги шиддатли замонамизда кўпчилик инсонлар ўзи ва оиласи учун барча шароит ва имкониятларни яратишга интилишмоқда. Ҳатто энг чекка қишлоқларимизда ҳам шаҳардагидан кам бўлмаган шароитларга эга уй ва ўз шахсий автомашинасига эга бўлиш учун юртдошларимиз астойдил меҳнат қилиб, тер тўкишяптиа. Яхши яшашга ҳаракат қилган инсон албатта таҳсинга сазовор. Боиси халқ тўқ бўлиб, тўкинчиликда ҳаёт кечирса, мамлакат тараққий этади, фарзандларимиз фаровонликда вояга етади.

Ана шундай қулайликлар сафида турувчи автоуловларга эга бўлиш эса осон эмас. Афсуски, орзу-ҳавас билан автомобил ҳарид қилиш учун автосалонга пул тўлаб, кейин машинасини йиллар давомида кутганлар, алданганлар ҳам бор орамизда. Ҳамон бу тизимда уйинларни давом этаётгани эса жуда ачинарли... Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига автолизинг “қурбони” бўлганлар ҳам мурожаат қилади.Бугун шундай ҳолатларга тўхталамиз.

Ҳар бир юртдошимизни ҳаётдан рози бўлиш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар жамиятнинг айрим тизимлардаги ноҳақликлар сабаб сезилмайди гоҳида.

Биз тез-тез автомобиль олиш учун шартнома тузиб, сўнгра уни кутишдан чарчаганлар ҳақида кўп эшитганмиз. Андижон вилоятида яшовчи М.Темиров Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига мурожаат қилар экан, у Фарғона шаҳридаги “Умид савдо файз инвест” масъулияти чекланган жамияти билан 2018 йилда шартнома тузиб, DAMAS 3 DLX автомашинасини буюртма қилган.

Шартномага биноан МЧЖ ҳисоб рақамига 31 250 000 сўм бошланғич тўлов амалга оширилган. Машинани оладиган фурсат келиб, ўтиб кетса ҳамки, автоуловдан дарак бўлмаган.

Федерация томонидан тушунтиришлар олиб борилгандан сўнг 40 кун ичида автомашина учун тўланган пул қайтариб берилишини зиммаларига олган “Умид савдо файз инвест” МЧЖ ўз ваъдасида турмади.

Федерация мутасаддилари ҳам бу ишни охирига етказмай қўйишмади. Ваъда бериб бажармайдиганлар автомобиль учун тўланган бошланғич пул маблағини эгасига қайтариб беришга мажбур бўлди.

Бундай вазиятлар Қорақалпоғистонда ҳам кўп учрамоқда.

Нукус шаҳри 22 кичик тумани, 9-уй, 33-хонадонда истиқомат қилувчи Ярашев Қамариддин Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, “QQAVTOTEXXIZMAT” МЧЖ билан “Дамас-2” русумли автомобиль олиш учун шартнома имзолагани ва шунга мувофиқ пул ўтказиб берганини маълум қилган. Мурожаатга автосалон ходимлари автомашинани Нукусдан эмас, балки Хоразм вилоятидан олиши кераклигини айтгани сабаб бўлган.

Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари вазиятни ўрганиб чиқиб, ўша куннинг ўзида истеъмолчига “Дамас-2” автоуловини Нукус шаҳрида топширган. Қорақалпоғистонда яна бир шундай ҳолат юз берди.2019 йил 9 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг «Ишонч телефони»гаҚўнғирот тумани, Қирққиз қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро И.Узақбергенованинг Кегейлида жойлашган «KEGEYLI-AGROTEXSERVIS MTP» автосалонга «Cobalt» автомашинасини олиш учун пул ўтказганлиги ва автосалон ходимлари томонидан автомашина келгани хабар қилган. Лекин автомашинани Хоразм вилоятидан олиш керак бўлаётгани борасидаги норозилик мурожаати жўнатилган. Ушбу мурожаат Кегейли тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди ҳамда истеъмолчига 2019 йил 15 январь куни Кегейли туманининг ўзида«Cobalt» автомашинасини олишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Кегейли тумани бўлимига тумандаги Ақтуба овулида яшовчи фуқаро Қ.Юсупов мурожаат қилди.

Мурожаатда таъкидланишича, истеъмолчи 2018 йил 12 июнь куни “Умидсавдо-файзинвест” маъсулияти чекланган жамияти билан лизинг асосида оқ рангли NEXIA-3 автомашинасини сотиб олиш учун шартнома тузганлиги ва 2018 йил 12 июнь куни 33 400 272 сўм, шундан 18 826 272 сўмини пластик картадан, 14 574 000 сўм нақд ўтказгани, пул тўлаганига 250 кун бўлган бўлса-да, на NEXIAдан ва на пулдан дарак йўқлиги қайт этилган.

Ушбу мурожаат юзасидан жамият мутахассислари ўрганиш ишларини олиб борди. Унга кўра, ҳақиқатдан лизинг ташкилоти шартнома шартларини бажармагани аниқланди. Ваҳолонки, шартномада пул ўтказилган кундан бошлаб 120 иш кунида автомобилни истеъмолчига топширилиши кўрсатилган.

Мурожат ўрганиб чиқилгандан кейин 10 кун ичида Қ.Юсупов автомобилга тўлаган пулини тўлиқ қайтариб олди.

Қорақалпоғистон Республикасидан мурожаат қилган яна бир юртдошимиз Жавоҳир Абдунабиев “Тўрткўл Автолизинг” МЧЖ корхонаси билан шартнома тузиши орқали “Дамас” русумли автомобилини лизинга бериш тўғрисида келишади. Шартномада белгиланган сумма 53 630 000 сўмни аввалдан тўлаб беради.

Лекин корхона истеъмолчига на автомашинани етказади ва на тўланган пулни қайтариб беради.

Федерация мутахассислари масалани синчковлик билан ўрганиб чиқишади ва истеъмолчи тўлиқ ҳақ эканлиги маълум бўлади. Натижада, “Дамас“ учун тўланган 53 630 000 сўм эгасига қайтариб берилади. Таассуфки, булар денгиздан бир томчи, холос.

Бухорода чув тушганлар...

Бухоро вилояти Жондор тумани Самончуқ МФЙ Мурғак қишлоғида яшовчи Шарипов Бобур Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 – “Ишонч телефони”га мурожаат қилган. Унинг мурожаатига кўра, Ғиждувон «Авто тех хизмат» авто салонидан “Cobalt” русумли авто машинасини сотиб олиш учун шартнома тузилган. Келишув шартлари бажарилмаганлиги сабабли Ғиждувон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан мурожаат синчковлик билан ўрганиб чиқилди ҳамда “Cobalt” русумли автомашина эгасига олиб берилди.

Агар автомашина ўз вақтида етказиб берилмаса, корхона томонидан ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,4 фоиз миқдорида пеня тўланиши шартномада белгиланган. Бухоро тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Вобкент туман Кулолчи кўчаси 65-уйда яшовчи Саъдулла Наврўзов мурожаат қилган. У ўз мурожаатида “ Ситора-авто савдо” МЧЖ билан Nexia 3 АV-CS16 русумли автомашина сотиб олиш учун белгиланган тўловни амалга ошириб, шартнома тузган. Шартномага асосан, 2019 йил 1 январга қадар автомашина фуқарога етказиб берилиши белгиланган бўлган. Агар ўз вақтида етказиб берилмаса, корхона томонидан ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,4 фоиз миқдорида пеня тўланиши шартномада кўрсатилган. Аммо истеъмолчига шартномада кўрсатилган муддатда автомашина берилмаган.

Мурожаат вилоят жамиятлари мутахассислари томонидан ўрганилиб, натижасида фуқарога Nexia 3 АV-CS16 автомашинаси олиб берилди, шунингдек, истеъмолчининг аризасига биноан, кечиктирилган муддат бўйича пеня ҳисобланиб, корхона томонидан фуқарога ўн миллион тўққиз юз ўн минг тўрт юз ўн саккиз сўм пеня тўланди.

Бухоро шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Вобкент тумани Янгикент ҚФЙ Ширин қишлоғида яшовчи фуқаро И. Рамазоновнинг оғзаки мурожаати рўйхатга олинган.

Ушбу мурожаатда қайд этилишича истеъмолчи 2018 йил 6 август куни “Умид савдо файз инвест” МЧЖдан NEXIA-3 русумли автомашинаси харид қилиш учун шартнома тузган ва истеъмолчи шартномада кўрсатилган 34 750 000 сўмни тўлаган. Аммо автомашинани ўз вақтида етказилмаганидан норози бўлган.

Истеъмолчининг мурожаати жамият ходимлари томонидан ўрганилиб, истеъмолчи ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тушунтирилди ҳамда истеъмолчининг тўлиқ 34 750 000 сўм нақд пули қайтариб берилди.

Олот тумани “Денов” МФЙ Олмазор қишлоғида истиқомат қилувчи Ўткир Азимов яхши ният билан Бухоро шаҳридаги “Умид” автолизинг ташкилотига “Nexia-3” евро 2-позиция автомашинаси учун шартнома асосида пул тўлайди.

Нақд 38 000 000 (ўттиз саккиз миллион) сўмни ҳеч қандай эътирозларсиз, ўз вақтида топширади ва автоулов келишини кутади. Буни қарангки, на автомобилдан дарак бор, на шартномадаги ваъда берилган шартлардан. Натижада истеъмолчи Ўткир Азимов фуқаролик ҳуқуқлари поймол этилганини тушуниб етади ҳамда шартномани бекор қилади.

Бироқ “Умид” автолизинг ташкилоти 38 000 000 (ўттиз саккиз миллион) сўм пулни қайтаришни пайсалга солиб келади.

Сабр косаси тўлган харидор тўлаган барча пулини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси “Ишонч телефони” 1091 га мурожаат қилади. Федерация мутахассислари вазиятни ўрганиб чиқишди.

Мутасаддиларнинг ҳаракати билан Ўткир Азимов томонидан тўланган 38 000 000 (ўттиз саккиз миллион) сўм пул маблағи тўлиқ қайтарилди.

Учар тадбиркордан «Нексия» учун тўланган пул қайтариб олинди

Бухоролик Шохиддин Ахмедов истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига ариза ёзиб, ўзини анчадан буён қийнаётган муаммо юзасидан мурожаат қилди.

Унга кўра Шохиддин Ахмедов Бухоро шаҳридаги «Умид авто лизинг» корхонасига «Нексия 3» автомобили учун 2018 йил август ойида 34.750.000 сўм нақд пул тўлаган. Аммо ҳозирга қадар автоуловни ололмаганидан норози бўлган. Федерация бундай муаммоларга ечим топишга доим ҳаракат қилди. Учар тадбиркордан истеъмолчининг 34.750.000 сўм нақд пули олиб берилди ва унинг қонуний ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

“Умид савдо файз инвест” умидларни пучга чиқарди...

Фарғона вилояти Бағдод тумани, Нурли йўл кўчаси, 28-уйда яшовчи М.Хошимовнинг ўз аризасида келтирилган маълумотлар ўрганилганда ўз тасдиғини топди.

Аризада баён қилинишича, “Умид савдо файз инвест” МЧЖ Фарғона ҳудудий филиали ва М.Хошимов ўртасида тузилган 2018 йил 30 апрель кунги № Ғ-26-сонли аванс тўлови тўғрисидаги шартномага асосан, “Chevrolet Nexia-3” автомашинаси буюртма қилинган бўлиб, М.Хошимов МЧЖ ҳисоб рақамига 36 025 000 сўм бошланғич тўловни амалга ошириши зарурлиги қайд этилган. Жамиятга эса автомашинани белгиланган муддат давомида истеъмолчига етказиб бериш мажбурияти юклатилган.

Истеъмолчи бошланғич тўловни амалга оширган, лекин шартномада кўрсатилган муддат ўтган бўлса-да, жамият томонидан “Chevrolet Nexia-3” автомашинаси эгасига етказиб берилмаган. Охир-оқибат автомашина етказиб берилмаганлиги учун шартномани бекор қилиб, тўлов қилинган сумма қайтарилишини сўраб МЧЖга ариза билан мурожаат қилган. Бироқ шартномада кўрсатилган тўловнинг қайтарилиш муддати ўтса ҳам, тўланган маблағ қайтарилмаган.

Федерация ходимларининг саъй-ҳаракати билан “Chevrolet Nexia-3” автомашинаси учун тўланган сумма эгасигатўлиқ қайтариб берилди.

Автомобил вақтида етказиб берилмаса, пули қайтариладими?

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ж. К мурожаат қилди. У ўз мурожаатида Нукусда жойлашган автосалондан “Cobalt” автомашинасини олиш учун шартнома тузганлиги шартнома шартларига кўра автомашина кечиктирилаётганидан норозилигини билдирган.

Мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганилиб, асосли эканлиги исботланди ва истеъмолчига “Cobalt” автомашинаси етказилиб, кечиктирилган 30 кун учун 219 582 сўм (пеня) истеъмолчи фойдасига ундириб берилди.

Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл Автолизинг” МЧЖ корхонаси раҳбари А.Раджапбаев томонидан Тўрткўл тумани Уллибоғ ОФЙ 114- хонадонида яшовчи Қабулов Жаҳонгир Азамат ўғли билан 2019 йил 8 январь куни тузилган №01/01-сонли “СПАРК” русумли автомобилини лизинга бериш тўғрисида тузган шартнома шартларини бажара олмаганлиги сабабли, истеъмолчи Қабулов Жаҳонгир тўлаган 19 999 000 (ўн тўққиз миллион тўққиз юз тўқсон тўққиз минг) сўм лизинг асосий тўлови, 3 332 000 (уч миллион уч юз ўттиз икки минг) сўм лизинга хизмат кўрсатиш тўловини – жами 23 331 000 (йигирма уч миллион уч юз ўттиз бир минг) сўмни тўлиқ нақд пулда қайтариб тўлаб берди. Шунингдек Лизинг шартномасининг 6.3-банди бўйича шартнома ўз вақтида бажарилмаганлиги учун лизинг объекти қийматининг 2% миқдорида 1 334 000 (бир миллион уч юз ўттиз тўрт минг) сўм пеня ҳам тўлади.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи фуқаро Илҳом Боймуродов «Ориент Авто Лизинг» корхонаси хизматидан норози экани ҳақида мурожаат қилди.

Илҳом Боймуродов автомашина сотиб олиш учун мазкур корхона билан шартнома тузган. Аммо орадан 7 ой муддат ўтган бўлса-да, фуқарога «Нексия-3» автомашинаси етказиб берилмаган. Ваҳолонки, мижоз корхонага 51 184 000 сўмни олдиндан тўлаб қўйган. Автомобилни етказиб бермагани учун мижоз корхона раҳбарларидан тўланган пулни қайтаришини сўраб мурожаат қилган. Аммо унинг мурожаатлари жавобсиз қолган.

Мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилганида, ҳақиқатдан «Ориент Авто Лизинг» корхонаси томонидан истеъмолчи ҳуқуқи бузилганлиги маълум бўлди. Корхона раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли бандлари талаблари тушунтирилди. Натижада фуқарога 51 184 000 сўм маблағи кайтариб берилди. «Ориент Авто Лизинг» корхонаси раҳбарларига келгусида бу каби камчиликларга йўл қўйилса, Қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши тушунтирилди.

Биз юқорида Қорқалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаавтосалон ва лизинг хизматларига алданган юртдошларимизни мурожаатлари, учраётган муаммолар юзасидан қисқача маълумотлар келтирдик. Бу каби жамиятимиз оғриқлари тугамас экан, истеъмолчилар ҳуқуқларини тўла таъминлаш қийин масалага айланиб бораверади.

Бинобарин, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси бу каби ҳолатларга қарши қаттиқ курашмоқда. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, алданиб вақт ютқазган инсонларга (пеня) ундириб бериш учун ҳам ҳаракат қилишмоқда.

Мухтасар айтганда, лизинг хизматларидан фойдаланишдаогоҳ бўлинг!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер