Аудиторларнинг фақат халқаро стандартлар асосида ишлаши қонун билан мустаҳкамланади

19:42 12 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
872 0

Янги таҳрирдаги «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда депутатлар муҳокамасидан сўнг қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.

Янги таҳрирдаги мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад нималардан иборат эди, деган савол туғилиши табиий. Энг аввало шуни айтиб ўтишни истар эдимки, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида аудиторлик хизматини ташкил этиш, аудиторлик касбининг нуфузини ва улар ишининг сифатини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилган. Аудиторларнинг фақат халқаро стандартлар асосида фаолият юритишининг жорий этилиши уларнинг мустақил аудит ўтказиш амалиётини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, аудиторлик ташкилотларининг аудиторлик хизматлари сифатини ва рақобатбардошлигини таъминлайди.

Бинобарин, халқаро принциплар ва илғор тажрибалар асосида аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Айтайлик, аудиторлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибининг соддалаштирилгани ва аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун қоғоз шаклдаги лицензия бериш тартиби бекор қилингани ҳам бунга аниқ мисол бўла олади. Ёки махсус ваколатли давлат органи сифатида Молия вазирлиги республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда, молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ташқи назоратдан ўтказишни амалга ошириши ҳам соҳа ходимлари фаолиятида эркинликни таъминлайди.

Энг муҳим жиҳат шундан иборатки, қонун лойиҳасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш,  аудиторлар профессионал фаолиятини амалга оширишда ахлоқий қоидаларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган.

Зеро, қонунинг қабул қилиниши аудиторлик фаолиятини тартибга солишда ва аудит жараёнида коррупциянинг олдини олишнинг самарали воситаси сифатида ваколатли органнинг тартиб-таомиллари шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, замонавий аудит жамият манфаатларини қондиришга ва инвесторлар ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган тадбиркорлик фаолиятидир. Шундай экан, бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган аудиторлик хизматини ташкил этишдан жамиятимиз ҳам халқимиз ҳам манфаатдордир.

Хазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

OʼzLiDeP фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер