Асрга татигулик бир йил!

09:27 02 Декабрь 2019 Жамият
1450 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги “Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3815-сонли қарорига асосан ташкил этилган “Ипак йўли” халқаро туризм университетининг асосий мақсад ва вазифалари сирасига Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятига муносиб ҳисса қўшишга қодир юқори малакали профессионал кадрларни тайёрлаш, халқаро туризм соҳасида илмий-тадқиқот ва ижодий ишларни амалга ошириш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида тарихий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш киради.

Ташкил этилишининг илк кунларидан бошлаб, университет меҳнат жамоаси томонидан дунёнинг 37 давлатида жойлашган туризм, меҳмондорчилик ва сервис соҳаси учун профессионал кадрларни тайёрлашга ихтисослашган 58 та нуфузли олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Бунинг натижасида Испаниянинг Иберия – Америка иттифоқи экспертлари, UNWTO Бутунжаҳон туристик ташкилоти экспертлари, Франциянинг Париж фанлар академияси экспертлари, Туркия Фанлар академияси, Хитой Халқ РеспубликасинингГонгконг политехника университети, АҚШнинг Америка меҳмонхоналари ассоциацияси экспертлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, бундай ҳамкорлик натижасида, ташкил этилганига бор-йўғи бир йил бўлган мазкур университет нуфузли SUN (Silkroaduniversitiesnetwork – Ипак йўли университетлари) интернет тармоғининг тўлақонли аъзоси бўлди.

Шу билан биргаликда, UNWTO Бутунжаҳон туристик ташкилотининг TEDQualcertification тизими орқали сертификациядан ўтиш борасида “йўл харитаси” тузилиб, тасдиқланди ва университет таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб этишга қаратилган ишлар давомида TICA, DAAD, KOICA, Erasmus+, JICA, AHLEI, ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилди.

2018/2019 ўқув йили натижаларига кўра Индонезия РеспубликасинингСуракарта шаҳрида жойлашган Сахид туризм институти, Джакарташаҳрида жойлашган Сахид Политехника институтлари билан учта таълим йўналиши бўйича, Хитой халқ Республикасининг Гуйлин университети, Чехия Республикасининг Логистика Олий мактаби, Туркия Республикасининг Туризм академияси каби нуфузли олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ҳақидаги келишувларга эришилиб, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистонлик талаба ёшлар туризм соҳасида халқаро нуфузга эга хорижий олий таълим даргоҳларида ўқиш бахтига муяассар бўлишди.

“Ипак йўли” туризм халқаро университети бугунги кунга қадар дунёнинг 43 та мамлакатида жойлашган 52 та нуфузли университетлар билан ўзаро ҳамкорлик ҳақида меморандумлар тузилган. Хусусан, 2019 йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасида ўтказилган Хитой Халқ Республикаси ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида IV Ҳамкорлик Форуми иши доирасида Хитой Халқ Республикасининг Шаньдун вилояти туризм ва меҳмондорчилик колледжи билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиб, қисқа муддат ичида “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг учта талабаси мазкур колледж томонидан ажратилган грант доирасида Шаньдун туризм ва меҳмондорчилик колледжида таълим олиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Бугунги кунда университет меҳнат жамоаси Буюк Британия таълим Қўмитасининг нуфузли “CreativeSpark” гранти соҳиби ҳамдир. Грантнинг асосий мақсади талабалар креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, инглиз тилида мулоқот олиб бориш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда тадбиркорликка ўргатишдир. Мазкур йўналишдаги ишлар натижасини ёритар эканмиз, “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг 2-курс талабаси Азиза Ашурованинг ютуқларида тўхталмасдан иложимиз йўқ, зеро у Буюк Британия таълим Қўмитасининг нуфузли “CreativeSpark” гранти доирасида ўтказилган танловнинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритиб, Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини инновацион технологиялар соҳасида ривожлантириш мавзусига бағишланган старт-ап лойиҳасини тақдим этди.

2019 йилнинг июль ойи давомида университетнинг 3 нафар ходими ва 10 нафар талабаси Италия Республикасининг Рим шаҳрида жойлашган I.P.S.S.A.R. TorCarbone, viadiTourCarbon институтида, шу йилнинг август ойи давомида эса университетнинг 2 нафар ўқитувчиси ва 8 нафар талабаси Индонезия Республикасининг Гунадарма университетида ўқув-ишлаб чиқариш амалиётини ўташди.

“Ипак йўли” туризм халқаро университети талабаларининг халқаро андозаларга мувофиқ таълим олиши имкониятларини кенгайтириш мақсадида ҳам қатор ишлар амалга оширилаётган бўлиб, булар орасида Буюк Британия Таълим Қўмитасининг беш йиллик лойиҳаси доирасидаги режага мувофиқ, 2019 йилнинг октябрь ойидан бошлаб университет қошида “Englishclub” ташкилоти талабаларни мустақил равишда инглиз тилида иш юритишга ўргатишга қаратилган фаолиятини бошлаганлигини тилга олиш жоиз.

Университет раҳбарияти томонидан ахборот-ресурс маркази тармоғининг UNWTO Бутунжаҳон туризм ташкилотининг “E-library” халқаро электрон кутубхонаси тармоғига уланишига эришилгани эса, университетпрофессор-ўқитувчилари таркиби ва талабаларига беқиёс совға бўлиб, албатта қўшимча қулайликлар туғдирди.

Университет жамоаси томонидан бор йўғи бир йил ичида бакалавриатнинг  кундузги таълим йўналишлари учун 13 та, сиртқи таълим йўналишлари учун 5 та, магистратура таълим йўналишлари учун 3 та кредит таълим технологияларига асосланган таълим дастурлари яратилди. Аҳамиятлиси, мазкур таълим йўналишлари бўйича дастурлар, халқаро стандартлар ва Болонья таълим жараёни талабларига мос равишда, бевосита Испаниянинг Иберия – Америка иттифоқи экспертлари, UNWTO Бутунжаҳон туристик ташкилоти экспертлари, Франциянинг Париж фанлар академияси экспертлари, Туркия Фанлар академияси, Хитой Халқ Республикасининг Гонгконг политехника университети, АҚШнинг Америка меҳмонхоналари ассоциацияси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилиб, уларнинг инглиз тилида яратилганлиги бугунги кунда университетда фаолият юритаётган хорижий мутахассислар ва талабаларга қўшимча қулайлик яратиб берди.

- Ўзбекистон Республикаси туризм соҳасини 2019-2025 йиллар давомида ривожлантириш концепциясида ёритилган масалалар замирида ётган бўлиб, мамлакатимиз туризм соҳаси вакиллари, шу жумладан “Ипак йўли” туризм халқаро университети меҳнат жамоаси олдида ҳам, мамлакатимизга ташриф буюраётган туристлар сонини 10 миллион кишига   етказиш вазифаси турибди. Бундай миқдордаги туристларга хизмат кўрсатиш учун, бизга авваламбор, олий тоифадаги, юқори малакали кадрлар зарур, - дейди “Ипак йўли” туризм халқаро университети ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича биринчи проректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Б.Тўраев. - Бугунги кунда мамлакатимизда 8 та ёки 9 таолий таълим муассасаси меҳмонхона бизнеси, ресторан бизнеси соҳаси учун мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган, аммо уларнинг бирортаси ҳам UNWTO Бутунжаҳон туристик ташкилотининг TedQual сертификатига эга эмас. Ўз навбатида эса, университетимиз томонидан тайёрлаб берилаётган кадрлар, UNWTO Бутунжаҳон туристик ташкилоти томонидан тан олиниши мамлакатимиз нуфузи учун ўта муҳим. Бор йўғибеш олдин, биз бу ҳақда гапирганизда, бизнинг устимиздан кулган экспертлар, охирги бир йил давомида университетимизга нисбатан катта қизиқиш билдириб, ҳатто таълим йўналишлари дастурларини ишлаб чиқишда ўз холисона фикрларини билдириб келишмоқда. Бугуннинг ўзидаёқ, Ўзбекистонимиз туризмнинг кўплаб йўналишларида биринчи ўнталиклардан жой эгаллаб келмоқда, масалан туризм учун хавфсиз мамлакат сифатида ёки гастрономик туризм соҳасида.

“Ипак йўли” туризм халқаро университетига 2018/2019 ўқув йилида 137 нафар талаба қабул қилинган бўлса, 2019/2020 ўқув йилида бу кўрсаткич университетнинг бакалавриат, магистратура, қўшма таълим дастурлари бўйича 500 нафар талабага етди. Бунинг замирида мамлакатимиз туризм соҳаси олий тоифадаги малакали профессионал кадрларга нечоғлик катта эҳтиёж сезаётганлиги ётибди.

Университет меҳнат жамоаси томонидан арсга татигулик бир йил давомида эришилган ютуқлар ҳақда уларнинг кўзларидаги ишонч ва шижоатни кўрар эканмиз, бу улуғ мақсад сари ҳали кўплаб ютуқларга эриша олишлигимизга биз ҳам ишондик.

Абдулазиз Йўлдошев,
“Халқ сўзи“.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер