«Арсенал» автоголлар эвазига ғалабани илиб кетди, «Ливерпуль» ниҳоят ғалаба қозонди
Кеча, 13 декабрь куни Англия Премьер лигасида 17-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Кун доирасидан ўрин олган муҳим баҳсларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.
«Ливерпуль» ниҳоят ғалаба қозонди
Сўнгги вақтларда «Ливерпуль» жамоасида барқарорлик бўйича етарлича муаммолар юзага келди. Дастлаб, Флориан Вирц ва Александр Исак каби футболчиларнинг омадсиз трансферлари бунга сабаб бўлди, деган мулоҳазалар кўпайди.
Кейинроқ жамоа бош мураббийи Арне Слотнинг жамоани бошқаришда хатоларга йўл қўяётгани таъкидланди. Жумладан, мураббий ва жамоанинг асосий футболчиларидан бири Муҳаммад Салоҳ ўртасида муносабатлар ёмонлашди. Мисрлик футболчи «Ливерпуль»да мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмаётганидан шикоят қилди. Ҳатто уни жамоадан кетиб, Саудия Арабистони клубларидан бирига ўтиши ҳақида ҳам матбуотда турли гап-сўзлар тарқалди.
Лекин бу галги ўйин олдидан «Ливерпуль»да ҳаммаси жойига тушди. Муҳаммад Салоҳ ўйинни асосий таркибда бошламаган бўлса-да, 25-дақиқадаёқ майдонга тушди.
Жамоа умидларини оқламаётган Александр Исак захирада қолдирилди ва унинг асосий таркибдаги ўрнини эгаллаган Уго Экитике ўйин тақдирини ҳал қилди.
Учрашувда ҳисоб дастлабки дақиқадаёқ мезбонлар томонидан очилди. Экитике биринчи уринишининг ўзидаёқ «Брайтон» дарвозасини ишғол қилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимда ҳам «Ливерпуль» устунликка эга бўлди. 60-дақиқада ушбу устунлик гол билан мустаҳкамлаб қўйилди. Уго Экитике яна бир бор катта саҳнага чиқди.
Шу тариқа ўйин 2:0 ҳисобида «мерсисайдликлар»нинг ғалабаси билан якунланди. Ушбу ғалаба эвазига «Ливерпуль» турнир жадвалида 6-ўринга кўтарилиб олди.
«Ливерпуль» – «Брайтон» 2:0
Голлар: Экитике 1, 60
«Ливерпуль»: Алиссон, Гомес (Салоҳ, 26), ван Дейк, Конате, Керкез, Вирц (Робертсон, 78), Собослаи (Кеза, 83), Макаллистер, Жонс, Гравенберх, Экитике (Исак, 78).
«Брайтон»: Вербругген, Данк, ван Ҳеке, Кадиоглу, Виеффер, Груда (Митома, 64), Минте, Ҳиншелвуд (Уэлбек, 82), Балеба (Аяри, 64), Гомес, Рюттер (Костоулас, 82).
Огоҳлантиришлар: Конате 64 — Гомес 45+3, Данк 59.
«Челси» яна ғалаба қозонди
«Челси» клуби учун сўнгги 4 та ўйин жуда омадсиз ўтди. Клуб АПЛ доирасида «Арсенал»ни ўз майдонида енга олмади. «Борнмут» билан сафардa дуранг ўйнади. Етмаганига «Лидс Юнайтед» жамоасига 3:1 ҳисобида мағлубиятга учради. У ҳам етмаганидек, Европа чемпионлар лигаси 6-тури доирасида «Аталанта» клуби майдонидан мағлубият билан қайтди.
Бу турга келиб эса жамоа ўз майдонида «Эвертон»ни қабул қилди. Учрашувнинг биринчи бўлимidayoq ўйин тақдири ҳал бўлди.
Баҳсда ҳисоб 21-дақиқада «аристократлар»нинг жароҳатдан қайтган етакчиси Коул Палмер томонидан очилди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида жамоа ҳимоячиси Мало Густо ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Биринчи бўлим 2:0 ҳисобида Мареска бошқарувидаги клубнинг ғалабаси билан якунланди.
Иккинчи бўлимда ҳам Лондон клуби катта устунликка эга бўлди. Рақиб дарвозаси томон умумий ҳисобда 8 та зарба йўллади. Аммо ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади.
«Челси» – «Эвертон» 2:0
Голлар: Палмер 21, Густо 45+1
«Челси»: Санчес, Кукуреля, Чалоба, Густо, Фофана, Нету, Энцо, Палмер (Андрей Сантос, 58), Жеймс, Гарначо (Гиттенс, 65), Жоао Педро (Эстевао, 81).
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, Тарковски, ОʼБраен, Ндиае, Миколенко, Грилиш (Диблинг, 84), Ҳолл (Алкарас, 16), Гуйе, Гарнер, Барри (Бету, 68).
Автоголлар «Арсенал»га ғалаба олиб келди
Лондоннинг «Арсенал» клуби мавсумни жуда барқарор ўтказмоқда. Жамоа АПЛда пешқадам бўлиб туриш билан бир қаторда, Европа чемпионлар лигасида ҳам ғалабали серия қайд этмоқда.
Бу гал клуб ўз майдонида «Вулверхэмптон» жамоасини қабул қилди. Ушбу учрашувда жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бири Габриэл Жезус узоқ муддатли жароҳатдан сўнг яна майдонга қайтди. Аммо на у, на «Арсенал»нинг бошқа ҳужумчилари ўйин давомида гол ура олишди.
Учрашувнинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа ҳам гол уриш учун яхши имкониятларга эга бўлди, бироқ дастлабки бўлимда ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлимнинг 70-дақиқасида «Арсенал» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ушбу вазиятда «Вулверхэмптон» дарвозабони Сэм Жонстон тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқасида «бўрилар» ҳисобни тенглаштиришга эришди. Голга жамоа ҳужумчиси Арокодаре муаллифлик қилди. Аммо бу ҳали якун эмас эди.
Ҳакам томонидан иккинчи бўлимга қўшиб берилган тўртинчи дақиқада «Вулверхэмптон» ҳимоячиси Москера ҳам ўз дарвозасига тўп киритди. Шу тариқа учрашув майдон эгаларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
«Арсенал» – «Вулверхэмптон» 2:1
Голлар: Жонстон 70 (автогол), Москера 90+4 — Арокодаре 90
«Арсенал»: Райя, Уайт (Льюис-Скелли, 31), Салиба, Инкапие, Тимбер, Райс, Субименди (Мерино, 58), Эзе (Эдегор, 57), Сака, Мартинелли (Троссар, 57), Гёкереш (Габриэл Жезус, 81).
«Вулверхэмптон»: Жонстон, Дохерти (Чатчуа, 69), Москера, Агбаду, Тоти (Мане, 86), Волф, Крейчий (Лопес, 80), Андре, Гомес, Ҳванг (Арияс, 80), Ларсен (Арокодаре, 69).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг