АҚШнинг Германиядаги ракеталари Совуқ уруш янгиланганидан дарак беради — Россия

16:51 12 Июль 2024 Дунё
524 0

Фото: News-Front

Америка Қўшма Штатларининг Германияда узоқ масофага учувчи ракеталарни жойлаштириш қарори Совуқ уруш услубидаги «тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка олиб келиши мумкин», дея огоҳлантирди Россия.

Германия канцлери Олаф Шольц эса бу режани олқишлаб, бу «ўзига хос чеклов ва тинчликни сақлаш» мақсадида амалга оширилаётгани қайд этди.

Чоршанба куни Оқ уй Вашингтондаги НАТО саммити чоғида бу қарорни эълон қилиб, Европада узоқ масофага учувчи қуроллар, жумладан, «Tomahawk» қанотли ракеталарини жойлаштириш тўхтатувчи омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков пайшанба куни Россия давлат телевидениеси мухбири билан суҳбатда бу ҳаракатга изоҳ бериб, «Биз совуқ уруш сари ишончли қадамлар ташламоқдамиз», деди.

Вашингтоннинг бу ҳаракати Германияда, ҳатто Шольц социал-демократлари аъзолари орасида ҳам танқидга сабаб бўлди.

Вашингтондаги НАТО саммитида журналистларга бу қарорни ҳимоя қилган Шольц, бу «тўхтатувчилик ва тинчликка ўхшаш нарса ва бу тўғри вақтда қабул қилинган зарур ва муҳим қарор», деди.

Америка Қўшма Штатлари чоршанба куни Германияга узоқ масофали ракеталарни вақти-вақти билан жойлаштириш 2026 йилда бошланишини маълум қилди.

Оқ уйга кўра, охир-оқибат уларни Германияда доимий равишда жойлаштиришга интилишини ва ракеталар Европадаги ҳозирги АҚШ тизимларига қараганда аниқроқ масофага эга бўлади.

«Ушбу илғор имкониятларни амалга ошириш Америка Қўшма Штатларининг НАТОга содиқлигини ва Европанинг интеграциялашган тўхтатиб туришга қўшган ҳиссасини намойиш этади», дейилади АҚШнинг Германия ҳукумати билан қўшма баёнотида.

Россиянинг Германиядаги элчиси Сергей Нечаев Германия ҳукуматини агар бу жойлаштириш давом этса, Москва ва Берлин ўртасидаги муносабатлар янада ёмонлашишидан огоҳлантирди.

«Биз немис сиёсий элитаси Германиянинг ҳам, бутун Европа қитъасининг хавфсизлигига ҳам ҳисса қўшмайдиган бундай бузғунчи ва хавфли қадамнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида яна ўйлаб кўришига умид қилишимиз мумкин», дейди дипломат.

Унинг қўшимча қилишича, Германия — Россия муносабатларига тузатиб бўлмайдиган зарар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Германия Мудофаа вазири Борис Писториус «Deutschlandfunk» телерадиокомпаниясига маълум қилишича, жойлаштириш қарори мамлакат имкониятларидаги «жуда жиддий бўшлиқ»ни бартараф этади.

Немис армиясида узоқ масофага учадиган қуруқликдаги ракеталар мавжуд эмас, фақат самолётлардан учириладиган қанотли ракеталар мавжуд.

АҚШнинг бу баёноти Германияда норозиликка сабаб бўлди. Мамлакатда АҚШ ракеталарининг жойлаштирилиши Совуқ урушнинг оғриқли хотираларини эсга солмоқда.

Шольц социал-демократлар партиясидан парламент аъзоси Ралф Штегнернинг «Funke» медиа гуруҳига айтишича, ракеталар жойлаштириш қарори янги «қуролланиш пойгаси» бошланишидан дарак бериши мумкин.

«Бу дунёни хавфсизроқ қилмайди. Бунинг ўрнига, биз дунё тобора хавфли бўлиб бораётган спиралга киряпмиз», дея огоҳлантирди Штегнер.

Германиядаги таниқли ўта сўл арбоб Сара Вагенкнечт ҳафталик «Spiegel» журналига айтишича, АҚШнинг ракеталарни жойлаштириши «Германиянинг ўзи уруш театрига айланиши хавфини оширади».

1980 йилларда Совуқ уруш авжида Ғарбий Германияда АҚШнинг «Pershing II» баллистик ракеталарининг жойлаштирилиши оммавий намойишларга сабаб бўлганди. Унда юз минглаб одамлар норозилик намойишига чиққан эди.

АҚШ ракеталари Германиянинг бирлашиши даври, 1990 йилларда жойлаштирилган эди.

Аммо Совуқ уруш тугаганидан сўнг, Москвадан келаётган таҳдид камайгани сабабли Америка Қўшма Штатлари Европада жойлаштирилган ракеталар сонини сезиларли даражада камайтирганди.

Қайд этиш жоизки, Америка Қўшма Штатлари бошчилигидаги НАТО давлатлари Россиянинг 2022 йилда қўшни Украинага бостириб кириши ортидан қитъада ўз мудофаасини кучайтиришга шошилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер