АҚШдаги энг катта масжид имом-хатиби: Ўзбекистонда эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар фаол давом эттирилмоқда
Ўтган йил ноябрь ойида Ўзбекистонга АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Покистон, Камбоджа, Украина ва Қозоғистондан 40дан ортиқ диншунос олимлар, ҳуқуқ ва дин соҳасидаги халқаро экспертлар, конфессиялар етакчилари ва ижтимоий фаол аёллардан иборат делегация ташриф буюрганди. Улар ушбу сафар чоғида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида қонун устуворлиги ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича экспертлик учрашувлари, конфессиялараро мулоқотлар, илмий-амалий семинарларда иштирок этишди.
Мазкур тадбирлар 2019 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва АҚШнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбэк билан икки томонлама учрашув чоғида эришилган келишув асосида ташкил қилинди.
Яқинда АҚШнинг диний эркинлик соҳасидаги биринчи элчиси Роберт Сайпел томонидан асос солинган Глобал жалб қилиш институти халқаро нодавлат ташкилоти томонидан махсус видеосюжет тайёрланди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълум қилди.
Видеолавҳада америкалик олимлар, диний етакчилар ва диний ҳуқуқ бўйича экспертлар Ўзбекистонга ташрифига оид таассуротлари ҳақида сўзлаб бердилар, мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, маърифий исломни тарғиб қилиш усуллари, динлараро тотувлик даражаси ва зиёрат туризми салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо беришди.
Хусусан, Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен нега унинг ташкилоти Ўзбекистонга қизиқиб қолгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди: “Бунинг асосий сабабларидан бири — Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жабҳаларда улкан ўзгаришлар рўй бермоқда. Аслида ҳам Ўзбекистон ҳар йили АҚШ ҳукумати томонидан шакллантириладиган диний эркинликни бузувчи мамлакатлар рўйхатидан чиқариб ташланган саноқли давлатлардан бири ҳисобланади. Бинобарин, биз Ўзбекистон ҳукумати ва унинг халқи билан бирга бўлишни, уларнинг интилишларига эришишлари йўлида ўз ҳиссамизни қўшишни истаймиз”.
АҚШнинг диний эркинлик соҳасидаги алоҳида топшириқлар бўйича собиқ элчиси Дэвид Саперштейн ҳам Ўзбекистонда бўлиб ўтган экспертлараро мулоқот ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди: “Америкалик ва диний эркинлик тарафдори бўлган бошқа мамлакатлардан борган экспертлар Ўзбекистондаги раҳбарлар, диний жамоалар, ҳуқуқшунос олимлар, шунингдек, давлат органлари вакиллари билан фаол ҳамкорлик қилди. Бу алоҳида аҳамият касб этган мулоқот бўлди. Зеро, ўрганиш ва энг яхши амалиётлар, ғоялар, қарашларни ўзаро алмашиш воситасида биз дунёни ижобий томонга ўзгартира оладиган ёндашувларни топишга муваффақ бўлдик”.
Унинг фикрича, бугунги Ўзбекистондаги ҳолат ўзида эътиқодлараро муносабатларнинг ноёб воқелигини ўзида ифодаламоқда, зотан, диний конфессиялар вакиллари бир овоздан ҳаракат қиляпти, тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик қарор топган жамиятни қуришмоқда.
Шимолий Америкадаги мусулмон жамоатчилигининг таниқли раҳбарлардан бири, АҚШдаги энг катта АДАМС масжиди имом-хатиби Муҳаммад Мажид Ўзбекистонда эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар фаол давом эттирилаётганини таъкидлади.
Унинг айтишича, жамиятда диннинг роли кучаймоқда, масжидлар ва бошқа ислом цивилизациясининг марказлари бунёд этилаётир. М.Мажид Ўзбекистон буюк алломалар ва диншуносларнинг бебаҳо мероси билан ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшганини эътироф этар экан, барчани ислом оламининг буюк намояндалари, мутафаккирлари абадий қўним топган ушбу заминдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишга таклиф этди.
Техас штатидаги Норт-Вуд черкови пастори Боб Робертс Самарқандда бўлиб ўтган динлараро мулоқотдан олган таассуротлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
“Ўзбекистон — турли эътиқод вакиллари тинч-тотув ва фаровон ҳаёт кечираётган давлат сифатида намунадир,” — деди у.
У мамлакатда мавжуд бўлган барча диний конфессиялар ва жамиятларнинг эркин ва осойишта яшашлари учун ҳамма шароитлар яратилганига урғу берди.
“Турли динларга мансуб одамлар ўртасида кўприк барпо этиш мақсадини ҳаётга татбиқ қилар эканмиз, биз энг кучли 10 нафар имом, руҳоний ва раввинлардан иборат олимлар билан Ўзбекистонга сафар уюштиришга қарор қилдик”, — деди Америка черкови раҳбари.
IGE фахрий президенти Крис Сипле халқаро экспертларнинг Ўзбекистонга ташрифи якунларини баҳолай туриб, мамлакатда этник ва диний мансублигидан қатъий назар, қонун устуворлиги қарор топганини эътироф этди.
“Барча томонидан қўлланиладиган қоидалар ва қонунларнинг умумий мажмуи ўзаро ишонч муҳитини яратди. Бу одамларга муросасиз тафовутларни енгиб ўтган ҳолда, умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатликда ишлашга имкон бермоқда, — дея қўшимча қилди у. — Бу инсонларнинг шундай жипслашишики, улар ўз етакчилари билан биргаликда янада яхши келажакка эришадилар”.
“Мен Ўзбекистонда бир ҳафта давом этган сафаримдан чуқур таассурот олдим. Чунки тўсиқлар бузилаётгани, мулоқот кенгаяётгани, дўстона алоқалар йўлга қўйилаётганинг бевосита гувоҳи бўлдим”, — дея делегациянинг мамлакатимизга ташрифи бўйича фикрларга мантиқий якун ясайди IGE президенти ва бош директори Жон Бойд.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг