АҚШда 70 йил ичида илк бор аёл киши қатл этилди

17:45 13 Январь 2021 Дунё
1007 0

АҚШ ҳукумати 70 йил ичида биринчи марта аёл кишига нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини ижро этди. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берди.

Манбага кўра, суд ҳукми билан қатл этилган маҳкум Лиза Монтгомери 2004 йилда қорнида саккиз ойлик ҳомиласи бўлган аёлни ўта шафқатсизларча ўлдиришда айбдор деб топилган. Ҳукм эса ўтган йил 8 декабрь куни Индиана штатида ижро этилиши режалаштирилган бўлса-да, қотил руҳиятидаги муаммолар туфайли, ижро 2021 йил 12 январь кунига қолдирилганди. Шу давр ичида унга психиатрик ёрдам кўрсатилди.

11 январь куни яна шу сабаб туфайли Индиана штати суди Монтгомерининг ўлим жазоси ижро этилишини кечиктирди. АҚШ Олий суди эса мазкур қарорни рад этди ва олдинги ҳукмни ўз кучида қолдирди. 

Шу куни жиноятчининг танасига инъекция орқали ўлимга олиб келувчи дори юборилди. Унинг ўлими 13 январ куни маҳаллий вақт билан 01:31 да (Тошкент вақти билан 07:31) қайд этилди.

Мазкур ҳукмдан марҳумнинг адвокати Келли Хенри норозилигини билдирган. Унинг айтишича, АҚШ ҳукумати руҳий касалликдан азият чеккан мижозини қатл этиб, федераль қонунни бузган.

Эслатиб ўтамиз, сайловда ғалаба қозонган Жо Байден ўз ишига киришгач, мамлакатда ўлим жазосини бекор қилишга ваъда берган.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер