АҚШ жамоатчилиги: “Ўзбекистон халқи ҳар қандай синовни қатъият билан енгиб ўтишга қодир”

15:50 07 Май 2020 Сиёсат
1388 0

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, АҚШдаги расмий ва маданий-гуманитар доиралар вакиллари, ушбу мамлакатда истиқомат қилувчи ватандошларимиз жамияти Бухоро ҳамда Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий офатлардан жабрланганларга ҳамдардликларини билдириб, уларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини таъкидлашмоқда. Қуйида улардан айримларининг фикрларини келтирамиз.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) админстратори ёрдамчиси ўринбосари Глориа Стил Ўзбекистон халқига шу бўйича ёзма мурожаат йўллади. Унда, жумладан, шундай дейилади:

“АҚШнинг Халқаро тараққиёт бўйича агентлиги Ўзбекистон халқини Бухоро вилоятидаги даҳшатли довул ва Сардоба сув омборида рўй берган тошқиндан кейин ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини изҳор этмоқчиман. Жабрланганлар ва ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ҳамда даромад манбаларидан айрилган минглаб одамлар учун дуодамиз. Олдинда машаққатли кураш турганини яхши тушунамиз.

USAID Ўзбекистон халқига кўмакдошдир. Агентлик ва Давлат департаментининг Ўзбекистондаги ходимлари “Тинчлик номи билан озиқ-овқат” дастуримиз ҳамкорлари билан иш олиб боряпти. Бундан кўзланган мақсад, ҳудудлардаги жабрдийдаларга хизмат қилаётган муассасаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшишдир. Ўз навбатида, коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон халқининг матонатидан дарак бериб турибди. USAID кўмакка муҳтожлар ҳамда Ўзбекистон халқига ушбу синовли кунларни енгиб ўтишлари учун ёрдам беришга доим тайёр эканлигини яна бир бор билдиради”.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги фахрий консули Кэрол Лопез (маъмуриий қароргоҳи Нью-Мексико штатидаги Санта-Фе шаҳрида жойлашган) ҳам Бухоро ва Сирдарё аҳолисини қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.

“Бухоро ва Сирдарёдаги воқеалардан жуда қайғуга ботдим, — деди у. — Бухоро ва Санта-Фе биродарлашган шаҳарлар ҳисобланади. Биз узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келамиз. Табиий офатлардан азият чеккан ҳамма инсонлар дардига шерикман.

Келаётган ойлар вазиятни нормаллаштириш йўлида оғир давр бўлишини биламан. Лекин ёдингиздан чиқарманг, сизлар асло ёлғиз эмассиз. Ўзбекистон ҳукумати сизга ёрдам бериш ва вайрон бўлган уйларингиз ҳамда фермер хўжаликларингизни қайта тиклаш учун барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этяпти. Рўй берган ҳодиса туфайли ранжиганингизни тушунаман, лекин энг асосийси, сиз ҳаётсиз ва бундан мен хурсандман.

Биз ушбу синовли кунларни биргаликда ортда қолдирамиз. Энг яхши тилакларим сизларга йўллаб қоламан”.

Кэрол Лопез 2020 йил февраль ойидан бери Ўзбекистоннинг АҚШдаги фахрий консули ҳисобланади. У Халқаро халқ амалий санъати маҳсулотлари ярмаркаси директорлар кенгаши аъзоси ҳамдир.

Жорж Вашингтон университети профессори Лаурель Грей ҳам видеомурожаат йўллади:

“Глобал пандемиянинг энг оғир пайтларида ҳалокатли ҳодисалардан жабрланган Бухоро ва Сирдарё аҳолисига мурожаат этмоқчиман.

Муҳтарам қадрдонларим, шуни билингки, биз бу ерда, АҚШда туриб сиз ҳақингизда ўйлаяпмиз ва қалбларимиз сизлар билан биргадир. Ўзбекистон халқи ҳамиша кучли бўлганини яхши биламиз. Ўзбекистонликлар ўзларининг қатъийлиги, матонати билан ажралиб туришади, тарихдан аниқ фанлар ва муҳандислик соҳаларининг ҳақиқий усталари бўлишган. Меъморларингиз тез орада хавфсизлик талаблари нуқтаи назаридан олдингисидан яхшироқ бўлган янги иншоотни бунёд эта олишади.

Барчамиз ушбу мураккаб даврдан соғ-саломат ўтиб олиб, энг яхши келажакни қурамиз деган умиддаман”.

Лаурель Грей ўз ҳаётини Буюк Ипак йўли мамлакатлари рақс санъатини ўрганишга бағишлаган инсондир. У 1984 йилда “Ўзбек рақси ва маданияти жамияти”га асос солган. 1994 йилда эса анъанавий “Марказий Осиё рақс оромгоҳи”ни таъсис этган. “Энг яхши хореография”(2003 йил) ва “Энг яхши миллий раққоса”(1999 йил) каби халқаро мукофотлар соҳибасидир.

Ўзбекистон халқ артисти, Шашмақом академияси раҳбари Изро Малаков ҳам халқимизга ўз дил сўзлари ва эзгу тилакларини йўллади.

“Ассалому алайкум азиз дўстларим! Бугун бутун дунё коронавирус пандемиясини бошидан ўтказаётган бир пайтда ўзбек халқи яна бир синовга дуч келди.

АҚШда яшайдиган биз, бухоро яҳудийлари Сирдарёда рўй берган табиий офатни ҳам хавотир билан кутиб олдик. Ўзбек халқи бу қийинчиликларни тез орада ўзаро ҳамжиҳатлик ва жипслик руҳи остида енгиб ўтишига ишончим комил.

Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев томонидан ўз халқи хотиржамлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида ушбу ҳодисалар оқибатларини бартараф этиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар бу борада алоҳида эътиборга лойиқ.

Шу муносабат билан узоқ тарихи давомида кўплаб синовлардан ўтган меҳнатсевар ўзбек халқига энг яхши тилакларни йўллаб қоламан.

Барчага мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва бошланадиган янги ишларда муваффақиятлар тилайман”.

Изро Малаков — моҳир мақомчи, Бухоро яҳудийлари конгрессининг фаол аъзоси. АҚШда ўзбек маданиятини кенг тарғиб қилиб келмоқда. Хусусан, мамлакатнинг 25 та штатида ўзбек мумтоз мусиқаси дурдоналари тараннум этилган концертларни ташкил қилган. 2018 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган.

Саиджон МАХСУМОВ

(“Халқ сўзи”) тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер