АҚШ ва Украинадаги элчиларимиз — Навоийда

19:27 07 Январь 2022 Жамият
660 0

Фото: «Халқ сўзи»

Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатлари ва Украинадаги элчиларини қабул қилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, учрашувда вилоят раҳбари хорижий давлатлар, хусусан, Америка ва Украина билан савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш учун мавжуд имкониятлар, инфратузилма ва логистика шароитлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчиси Жавлон Ваҳобов илгари ҳам Навоий вилояти билан АҚШ ва Канада компаниялари ўртасида турли йўналишларда ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани, орттирилган тажрибалар меваси ўлароқ савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш томонлар учун ўзаро манфаатли бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчиси Алишер Курманов Навоий вилояти билан Украинанинг Запорожье вилояти ўртасида ўрнатилган алоқалар савдо-иқтисодий соҳалар ҳамда ахборот технологиялари йўналишидаги ҳамкорликни янада жадаллаштиришга хизмат қилишини қайд этди.

Музокаралар чоғида томонлар келгусида хорижий ва маҳаллий компаниялар ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ташрифлар алмашишни кўпайтириш, IT, саноат, текстиль, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти йўналишларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга мўлжалланган режали ва самарали ишларни биргаликда амалга оширишга келишиб олдилар.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер