АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишига қарамай, Тайванга қурол етказиб беришда давом этади — Оқ уй
Foto: AP
АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишига қарамай, Тайванга қурол етказиб беришда давом этади. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби айтиб ўтди.
«Биз Тайванни ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қурол-яроғ билан таъминлашда ўз масъулиятимизни жиддий қабул қиламиз ва бу ўзгармайди», дейди Кирби.
Шу тариқа, у америкалик оммавий ахборот воситаларида Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилиши сабабли Тайпейга қурол-яроғ етказиб беришнинг кечикиши ҳақидаги маълумотларнинг чоп этилиши ҳақидаги саволга жавоб берди.
Кирбининг таъкидлашича, АҚШ президенти Жо Байден Пентагон билан биргаликда Америка Қўшма Штатларининг жанговар тайёргарлигини сақлаб қолиш учун ҳар сафар бундай ҳаракатларни баҳолайди.
Аввалроқ, «Wall Street Journal» нашри манбаларга таяниб, АҚШ расмийлари Украинага кенг кўламли ҳарбий ёрдам кўрсатилиши сабабли Тайванга етказиб бериш учун қурол-яроғ етишмаслиги таҳдидидан хавотирда экани ҳақида хабар берган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг