«Apple» Россияда янги маҳсулотларини сотишдан бош тортди
Архив сурат
«Apple» Россияда янги «iPhone SE», «Mac Studio» ва янгиланган «iPad Air»ни сотишдан бош тортди.
«Apple» ўзининг баҳорги тақдимотидан ўрин янги «iPhone SE», «Mac Studio» ва янгиланган «iPad Air»ни Россияда сотишдан бош тортган. Бу ҳақда смартфонлар бозоридаги манбага таяниб «ТАСС» хабар бермоқда.
Бугун(18 март)дан бошлаб бошқа мамлакатларда «Apple»нинг янги қурилмалари сотуви бошланди. Компания Россияга янги қурилмалар етказиб бериш ва сотишни тўхтатишга қарор қилган. Бироқ, ҳали Россия бозорини тарк этгани йўқ. Бугунги кунга қадар «AppStore» иловалар дўкони ишлашда давом этмоқда ва «iOS» янгиланишлари россиялик фойдаланувчиларнинг қурилмаларига келмоқда.
Март ойи бошида компания Россия ҳудуди учун «Apple» онлайн-дўконларида барча гаджетлар сотуви тўхтатилганини эълон қилган эди. Ушбу қарор Россиянинг Украинага бошлаган «махсус ҳарбий амалиёти» билан боғлиқ.
«Биз инсонпарварлик саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз, қочқинлар инқирозига қарши ёрдам берамиз ва минтақадаги жамоаларимизни қўллаб-қувватлаш учун қўлимиздан келганини қиламиз», дейилади компания баёнотида.
Олдинроқ, автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқарувчи Италиянинг «Pirelli», Франциянинг «Michelin» ва Япониянинг «Bridgestone» компаниялари Россиядаги фаолиятини қисман чеклагани, айримлари эса тўхтатгани ҳақида хабар берган эдик.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг