Аномал совуқ Қувасой боғларига зарар етказмади
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилояти Қувасой шаҳри миришкорлари мева-сабзавот етиштиришда ўзига хос тажриба мактабига эга. 2022 йили улар томонидан 57 минг 844 тонна мева ҳамда 42 минг 810 тонна сабзавот маҳсулотлари етиштирилди.

— Бу йил эса мева-сабзавот етиштириш ҳажмини янада ошириш мақсадида деҳқон хўжаликларига қўшимча 467 гектар ер майдони ажратилди, — дейди Қувасой шаҳар ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Фаррух Ниёзов. — Шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 205,5 гектар ерни ўзлаштириб, унинг 75 гектарида мевали боғ, 5 гектарда узумзор ташкил қилиш режалаштирилган. Ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун 82 гектар ерда сабзавот ҳамда 13 гектар ерда полиз экинлари экилади. 1 минг 100 гектар экин майдонларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш кўзда тутилган.
Арсиф қишлоғи аҳли боғдорчилик ва сабзавотчилик соҳасида Қувасойда энг пешқадамлардан ҳисобланади.
— Оиламиз билан бир гектар боғда олма, шафтоли ва олхўри етиштирамиз, — дейди «Арсиф» МФЙда яшовчи уста боғбон Адҳамжон Раҳматов. — Ҳозир дарахтларда ортиқча шох ва буталарни кесиш ишлари бошланди. Яқин кунларда пайвандлаш ишларига киришилади. Кузда ерга ва дарахтларга яхши ишлов берганимиз учун аномал совуқ боғимизга зарар етказмади.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг