Андижоннинг туризм салоҳияти ортмоқда
Фото: Халқ сўзи
Дунё кўриб, дунё яратмоқ инсон феълу аъмолига хос. Тарихийлик, замонавийлик, ўзгачалик, хавфсизлик нуқтаи назаридан Ер юзидаги энг мақбул манзиллар ҳамиша саёҳатни хуш кўрувчилар билан гавжум бўлган. Қувонарлиси, юртимизда ҳам бугун сайёҳлар оқими йил сайин ортиб боряпти. Чунончи, биргина Андижон вилоятининг ўзига ўтган йили 1 млн. 12 минг нафар хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди.

— Вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан ўзаро алоқалар кўламини кенгайтирмоқдамиз, — дейди Андижон вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бош мутахассиси Бекзодбек Юсупов. — Бу борада, айниқса, қўшни қирғизистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликдаги фаолиятимизни намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Натижада ўтган йили 110 минг нафар қардошларимиз вилоятимизда мавжуд 400 дан ошиқ маданий мерос объектларини томоша қилиш имконига эга бўлдилар. Жорий йилда уларнинг сони янада ошиши кутиляпти.
Вилоятда сайёҳлик йўналишини янада ривожлантириш кўлами ортган. Жумладан, меҳмонларни жойлаштириш объектларининг сони 114 тага етказилиб, бир пайтнинг ўзида 2 минг 316 нафар сайёҳларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. 76 та туристик ташкилот томонидан 8 та сайёҳлик йўналиши ташкил этилди. Буларнинг барчаси 2022 йил давомида хизмат кўрсатиш ва туризм экспорти ҳажми 17,5 млн. долларни ташкил этишига сабаб бўлди.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг