Андижонликлар ҳам сайловда фаол иштирок этмоқда

12:51 27 Октябр 2024 Жамият
319 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бериш жараёни уюшқоқлик билан ўтмоқда. Сайловчилар Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 35 нафар, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг 275 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларининг 1975 нафар депутатликка номзодлар орасидан ўзлари муносиб деб топган номзодларга овоз бермоқда. Шу кунгача 36 минг 486 нафар сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

— Сайлов участкаларида ногиронлиги мавжуд бўлган фуқаролар учун ҳам барча шароитлар яратилган, — дейди Балиқчи туманидаги 328-сайлов участкасидан овоз берувчи Нуриддин Алматов. — Бунинг учун тумандаги 61 та сайлов участкаларининг барчасида ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлак (пандус) барпо этилган бўлиб, «Ёрдамга чақириш» тугмаси ҳам ўрнатилган. Бу мен каби имконияти чекланганлар учун қулай шароитдир.

Вилоятда 7 та сайлов округи ҳамда 938 та сайлов участкалари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг ҳар бирида сайловчилар учун қулай муҳит яратилган. Жумладан, Андижон шаҳридаги 127-сайлов участкаси овоз берувчилар билан гавжум.

— Ҳудудимизда 2570 нафар сайловчилар бўлиб, шундан 27 нафари фуқаролик ҳуқуқидан илк бор фойдаланган ҳолда биринчи марта сайловда иштирок этмоқда, — дейди сайлов участкаси масъул котиби Лолахон Мухторова. — Бугун турли сабаблар билан сайлов участкасида бўла олмайдиган 131 нафар сайловчилар эса муддатидан аввал овоз бериш имкониятидан фойдаланди. Ҳаётимиздаги бу муҳим сиёсий жараёнда маҳалладошлар фаол иштирок этмоқда. Шунинг учун овоз бериш жараёнининг биринчи соатидаёқ сайловчиларнинг 30 фоизи ўзлари муносиб деб билан номзодларга овоз берди.

Гулҳаё Собирова куни кеча 18 ёшга тўлди. Шу боис илк бор сайловда овоз бермоқда.

— Бу жараён мен учун ниҳоятда масъулиятли ва ҳаяжонли, — дейди у биз билан суҳбатда. — Шу боис унга жиддий ёндашдим. Дастлаб номзодлар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг дастури билан танишдим. Сайлов участкасидаги сайловга оид маълумотлардан депутатларнинг жамиятимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлдим. Мен овоз берадиган номзод мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда Андижон шаҳридаги 28-сайлов участкасида ўзим муносиб деб билган номзодларга овоз бердим.

Балиқчи туманида яшовчи 88 ёшли Қамбарали ота Ибрагимов 1958 йилда илк бор сайловда иштирок этган эди. Орадан ўтган давр мобайнида бу жараён тубдан ўзгарганини айтди.

— У пайтлари кимни тавсия қилишса шунга овоз бериб кетаверганмиз, — хотирлайди отахон. — Номзодлар билан учрашув, дастурлар билан танишув деган нарсалар бўлмаган. Қолаверса, оиламиздан бир киши ҳамма учун овоз бераверган. Бир сўз билан айтганда, барчаси юзаки ўтар эди. Бугун бўлса вазият умуман бошқача. Жамиятимизда депутатларнинг ўз ўрни бор. Бу эса ҳар бир овознинг нечоғли аҳамиятли эканлигидан далолатдир. Шунинг учун бугунги сайловга оиламизнинг 70 нафар аъзоларини бошлаб келдим.

Сайловда овоз бериш жараёнлари вилоятнинг ҳар бир ҳудудида давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер