Андижондаги ягона тарихий қалъа
Андижондаги ягона тарихий Қалъа Дукчи Эшон маҳалласида жойлашган. Ушбу ёдгорлик Ўшдан келишда шаҳарнинг рамзий дарвозаси бўлган. Маълумотларга кўра, чор Россияси ҳарбий қисми учун мудофаа қўрғони сифатида 1878-1881 йилларда бунёд этилган. Майдони 4-4,5 гектарни ташкил этиб, 6 та казарма биноси, қурол-аслаҳалар омборхонаси, отхона, гауптвахта (маҳбусларни вақтинча ушлаб турувчи жой) ўрин олган.
Деворларининг бўйи 10 метр, қалинлиги 4-5 метр, юқори қисми кунгирали, уч қатор ўқ отишга мўлжалланган махсус тешиклари мавжуд. Асосий кириш қисми зинали бўлиб, кенглиги 3 метрли ёғоч дарвоза орқали ичкарига кирилган. Девор қатлами квадрат ҳажмли ва тўрт бурчакли пишиқ ғишт ҳамда пахса билан кўтарилган. Баланд деворларидан Андижон шаҳрининг ҳар бир маҳалласи кўриниб турган. Шу жойдан туриб исёнларни бостириш имконияти бўлган.
— Қалъада чор Россияси армиясининг Туркистон асосий мунтазам ҳаракатдаги батальони 4-5-ротасига тегишли 250 дан зиёд аскарлари бўлган, — дейди меъморий ёдгорлик масъул ходими Беҳзодбек Охунов. — 130 йил давомида жуда кўп тарихий воқеалар, жумладан, 1898 йилда Дукчи Эшон бошчилигидаги Андижон қўзғолонининг гувоҳи бўлган. Бизгача “Қалъа” обидасининг фақат бир қисми ва баланд маҳобатли деворларининг учдан бир қисмигина сақланиб қолган. Ёдгорлик ҳудудидаги қудуқ ва зиндон ҳозиргача сақланиб қолган. Зиндон тор йўлак ва икки хонадан иборат бўлиб, аскарлар учун гауптвахта сифатида бунёд этилган. Кейинчалик асир олинган ўзбек қўзғолончилари учун зиндон вазифасини ўтаган. Зах ва қоронғи хонада ўша давр муҳитини намойиш этувчи ҳолат ўз аксини топган.
Айтишларича, аскарларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қурилган қудуқдан сув чиқмаган. Боиси, Қалъа ер сатҳидан анча баландликда жойлашган. Қўзғолон пайтида ҳалок бўлган бир қанча аскарларнинг мурдаси мана шу қудуққа ташлаб юборилган.
— Бу жойни бир неча марта набираларим билан томоша қилганман, — дейди Жалақудуқ туманида яшовчи меҳнат фахрийси Тўйдихон Алибоева. — Тарихий экспонатлар ўша даврда қуроллар қандай ишланганини кўрсатади. Деворларининг мустаҳкамлиги сабаб йиллар ўтса-да ўз ҳолида сақланган. Унда ўтмишимиз, ота-боболаримиз нафасини кўриш мумкин.
“Қалъа” бугунги кунга келиб вилоятда сайёҳлик салоҳиятини шакллантиришга хизмат қилувчи саноқли манзиллардан биридир. Шундай экан, бу ердаги ҳар бир экспонатлар ҳам қадрли бўлиб, улар тарихдан гувоҳлик беради.
Акбаржон НАЗАРОВ, журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг