Андижонда табиатга зарар етказган 2 минг 682 нафар ҳуқуқбузар тегишли тартибда жавобгарликка тортилди
Фото: Халқ сўзи
Ўтган куни пойтахтимиз ва айрим вилоятларда кузатилган чанг бўрони она табиатга нисбатан янада эҳтиёткор муносабатда бўлиш, атроф-муҳит муҳофазасига барча бирдек масъуллик ҳис қилиши кераклигини яна бир бор эслатди. Аслида эса бу мавзуда ОАВда, ижтимоий тармоқларда экологлар, журналист-блогерлар деярли ҳар куни бонг уради, жойларда тегишли чоралар кўрилади, натижа эса, афсуски, кўп ҳолларда қониқарсиз қолаётгани сир эмас.
— Андижон вилоятида йилнинг ўтган даврида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш мақсадида 1 минг 512 марта назорат рейдлари ташкил этилди, - дейди Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Лочинбек Исомуддинов. — Натижада 765 та корхонада табиатга зарар етказиш билан боғлиқ 1 минг 485 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, уларга нисбатан 281 млн. 477 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. Амалдаги талабларни бузганлиги учун 2 минг 682 нафар ҳуқуқбузарлар 1 млрд. 108 млн. 64 минг сўм миқдорида жарима тўлашларига тўғри келди.
Мисол учун, “Нил гранит” МЧЖдан 13 млн. 990 минг 28 сўм, “Евро екфвин” корхонасидан 18 млн. 500 минг сўм, “Маданият текстил” МЧЖдан 5 млн. сўм миқдоридаги маблағ атрофга ортиқча ташланаётган зарарли моддалар учун компенсация тарзида ундирилди.
Бошқарма томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, ўтказилган мониторинглар натижасида айрим корхоналарнинг атроф-муҳитга меъёрдан ортиқча зарар етказаётгани ойдинлашди. Тарғибот ишлари давомида бунинг салбий оқибатлари тушунтирилмоқда. Табиатга шафқатсиз муносабатда бўлиш аслида иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизга ҳам катта зиён етказишига урғу берилмоқда.
Инсоният табиатдан айро яшолмайди. Биз унга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шундай жавоб қайтариши муқаррар. Зотан биз бугун баҳраманд бўлаётган табиат неъматларидан келажак авлодни мосуво қилишга ҳаққимиз йўқ.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг