Андижонда сел талафотлари бартараф этилмоқда

14:38 07 Май 2021 Жамият
1560 0

6 майдан 7 майга ўтар кечаси Андижон вилоятининг айрим ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел тошқини юзага келганлиги ҳақида хабар берган эдик. 

Айни пайтда Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш юзасидан Хонобод шаҳрининг «Тейит» маҳалласи ҳудудида вилоят ҳокими бошчилигида штаб ташкил этилган. Унинг таркибида шаҳар ва туман ҳокимликлари, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардиянинг 600 нафардан зиёд ходимлари томонидан транспорт, куч ва воситалар жалб қилинган ҳолда табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир оила аъзолари билан юзма-юз суҳбатлар уюштирилиб, уларга руҳий ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Шунингдек, электр, сув таъминоти, қурилиш ва бошқа мутасадди корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 100 дан ортиқ техникалари, 500 дан ортиқ кўнгилли ходимлар, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси волонтёр ёшлари сел талафотини бартараф этиш ишлари фаол қатнашмоқдалар.

Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизматидан маълумотига кўра, табиий офат оқибатида «Қирғиз» канали орқали оқиб келган сел оқимлари Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа туманидаги 278 та турар-жойларнинг яшаш хонадонлари ва ҳовлисига кирган. ФВБ бўлинмалари шахсий таркиби томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида Хонобод шаҳар «Тейит» МФЙ Қорабоғиш кўчасида яшаган 2 нафар вояга етмаган фуқаронинг жасадлари топилган.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер