Андижонда қарийб 63 минг долларлик платинани ноқонуний сотган шахс ушланди
Фото: ДХХ
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қимматбаҳо металларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» Telegram каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳрида яшовчи 41 ёшли шахс бир неча киши кўмагида «Дўстлик» халқаро назорат ўтказиш пункти орқали божхона назоратини четлаб ўтган ҳолда, Қирғизистондан олиб келинган ва қиймати 17 минг долларга тенг бўлган, жами 162 грамм тилла буюмларни қабул қилиб олиб, Андижон шаҳри томон ҳаракатланаётган вақтида Хўжаобод туманидаги ЙПХ масканида ушланган.
Сўнгра, ундан Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 43 ёшли фуқаро 908 грамм платина металлни сотиш учун харидор излаётгани тўғрисида маълумот олинган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, ушбу фуқаро қимматбаҳо металлни шартли харидорга 62 950 долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг