Андижонда бошига кетмон билан уриб ўлдирилган аёл келини томонидан ўлдирилмагани маълум бўлди

12:10 31 Май 2021 Жамият
1847 0

Аввал хабар берганимиздек, ижтимоий тармоқларда «Андижонда келин ўз қайнонасини жойнамоз устида кетмон билан чопиб ўлдиргани айтилмоқда» сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди ва ҳолат ўрганилаётганлигини маълум қилди.

Бош прокуратуранинг «Халқ сўзи»га берган маълумотига кўра, айбланувчи келин эмас, балки 44 ёшли эркакдир.

Қайд қилинишича, мазкур жиноят иши юзасидан фуқаро М.Э.га нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан Олтинкўл тумани ИИБ томонидан иш қўзғатилган.

Аниқланишича, М.Э. 2021 йил 14 апрель куни соат 17:42 ларда, ўзи яшаб келаётган уй олдида, мазкур хонадонда яшовчи аёл М.Э. билан юқорида кўрсатилган хонадонни девор билан бўлиш масаласи юзасидан ўзаро тортишиб, қўлида бўлган кетмон билан аёлнинг бош қисмига уриб, «оғир» шикаст етказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.

Олтинкўл тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, баённома расмийлаштирилган, ҳодиса жойи чизмаси ва фотожадваллари тузилган. Кўздан кечириш давомида, 2 дона хўжалик кетмони, 1 дона темир кетмон ва қонга ўхшаш доғлардан намуналар олинган, шунингдек, М.Э.нинг мурдаси мутахассис иштирокида кўздан кечирилган.

Эксперт хулосасида, М.Э.ни мурдасида «бош мия ёпиқ шикасти, бош гумбаз ва асос суякларини очиқ синиши, бош мия тўқимасининг мажақланиши, бош мия лат ейиши, бош мия тўқимасига қон қуйилиши, узунчоқ мия, Воралиев кўприги, мияча, ўрта мия ва орқа мия бўйин соҳалари пардалари остига, мия тўқималарига ўчоқли қон қуйилишлари, бош ўнг чакка тепа соҳасида чопилган ва лат еб йиртилган яралар, бош ўнг чакка тепа сахасида тери ости қон қуйилиши, ўнг кўз юқори ва пастки қовоқлар, ўнг қулоқ супраси соҳаларида шилинма ва қонталашлар, ўнг қўл 5-кафт суягини очиқ синиши, чап ва ўнг қўл ўнг ён бош соҳаларида шилинмалар, қонталашлар» аниқлангани, ушбу жароҳатлар унинг ўлимига сабабчи бўлганлиги кўрсатилган.

Гумон қилинувчи эркак М.Э.дан олинган қон намунаси бўйича ўтказилган суд кимёвий экспертизасининг хулосасида, тақдим этилган қон намунасида 1,5% этил спирти борлиги аниқланган.

Марҳума ҳодиса вақтида эгнида бўлган уст бош кийимлари баённома орқали олиниб, иш бўйича судга оид тиббий криминалистика ва биология экспертизалари тайинланган, хулосаси кутилмоқда.

М.Э. ЖПКнинг 221-тартибида ушланиб, унга нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Айбланувчи М.Э. ўзининг кўргазмаларида, марҳума аёл яшаш хонадонидан кетмон олиб чиқиб, «вой-дод мени уряпти» деб бақирганлиги сабабли, уни барибир урди деб туҳмат қилади деб, қўлидаги кетмонни олиб бошига бир маротаба урганлигини билдирган.

Бироқ иш бўйича асосий гувоҳ айбланувчи М.Э. яшаш хонадони ичкарисида усталар билан жанжаллашиб, уларни қувлаб кўчага кетмон билан чиққанлиги, шу вақтда кўчада марҳума аёл турганлигини кўриб, уни олдига кетмон билан югуриб бориб, бир марта кетмонни кесувчи қисми билан бошига уриб, аёлни ерга йиқитганлигини, сўнг кетмон билан қолган усталар томонга урмоқчи бўлиб кетаётганида, уни қўлидаги кетмонни ўша ерда бўлган усталар қўлини қайириб олиб қўйишиб, уни ушлаб ички ишлар ходимларига топширганлигини билдирган.

Тергов давомида иш бўйича ҳолатга гувоҳ бўлган қўшимча гувоҳлар ҳамда марҳуманинг қизи гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган.

Мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Олтинкўл тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер