Андижонда 24/7 тартибида ишлайдиган кўча фойдаланишга топширилди

11:08 30 Декабрь 2025 Жамият
432 0

Президентимиз томонидан иқтисодиётни янги босқичга кўтариш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар Андижон вилоятида изчил амалга оширилмоқда. Ортда қолаётган йил давомида ана шу кўрсатмалар ижросини таъминлаш мақсадида 1,2 трлн сўм бўлган 88 та “драйвер” лойиҳа шакллантирилди ва улар ҳисобига 11 минг нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

— Ҳар бир лойиҳа аҳоли бандлиги ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда, — дейди Андижон вилояти ҳокимлиги ходими Рустамжон Эшонов. — Масалан, Андижон шаҳридаги “Ўрикзор” маҳалласи Машраб кўчасини 24/7 тартибида ишлайдиган гастрономик, туризм ва замонавий савдо-сервис кўчасига айлантириш учун 12 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Бу ерда 50 та савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда овқатланиш объектлари ташкил этилиб, 120 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади. Янги кўчанинг фойдаланишга топширилиши нафақат, вилоят аҳолисига, балки шаҳримиз меҳмонларига ҳам Янги йил олдидан муносиб совға бўлди.

Кенг кўламли ишлар 2026 йилда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган бўлиб, вилоятда 679 та янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва 4,1 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бу ташаббуслар орқали маҳаллий бозор фаоллашиб, аҳоли даромадлари ошиши ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер