Андижонда 105,5 гектар ер майдонидан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди
Фото: Халқ сўзи
Аслини олганда ҳар бир қарич ернинг ҳисоби бор. Айниқса, аҳоли нисбатан тиғиз яшайдиган Андижонда табиатан омилкор одамлар бир парча ердан ҳам унумли фойдаланиш, томорқани чинакам даромад манбаига айлантириш хадисини олган.
Шундай бўлса-да, амалиётда ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Хусусан, вилоят бўйлаб олиб борилган ўрганиш давомида 716 та ҳолатда 105,5 гектар ер майдонидан қонунга хилоф равишда фойдаланилаётгани аниқланди. Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган медиатурда маълум қилинишича, ҳозирга қадар ҳолатнинг 25 фоизи қонуний тартибга солинган бўлса, қолган қисми юзасидан ҳаракатлар давом этяпти.
– Бундан ташқари фуқаролар томонидан ер участкаларига бўлган хуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳолатлари ҳам ҳануз пайсалга солинмоқда, - дейди Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Бобуржон Маҳмудов. – Натижада 1 минг 577 та ҳолатда 507 млн. 438 минг сўм миқдоридаги жаримани қўллашга тўғри келди.
Ҳозирда вилоятнинг Асака ва Шаҳрихон туманларида хатлов тадбирлари амалга оширилмоқда. Тадбир давомида бу каби ҳолатлар қайд этилибгина қолмасдан, уларнинг қонуний ижросини таъминлашга ҳам аҳамият қаратиляпти.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг