Андижон вилоятида тоза ичимлик суви истеъмолчиларининг қарзи 150 млрд. сўмга етди

17:17 22 Май 2023 Иқтисодиёт
613 0

Фото: «Халқ сўзи»

Сўнгги йилларда республикамизда, жумладан, Андижон вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш кўлами ортган. Бироқ, бу ҳудудлар юз фоиз сувлашди, дегани эмас. Афсуски, ичимлик суви етиб бормаган манзиллар ҳам бор. Жойларда ҳамюртларимизнинг “оби ҳаёт”га бўлган эҳтиёжини қондириш учун энг аввало, молиявий барқарорлик ҳукм сурмоғи керак. Бу эса, айрим ҳолларда аҳолининг фойдаланилган тоза ичимлик суви ҳамда кўрсатилган оқова сув хизмати учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишлари билан боғлиқ. Тан олиш керак, республикамизда бу борада ечимини кутиб турган муаммолар йўқ эмас. Мисол учун, Андижон вилоятида истеъмолчиларнинг қарздорлиги 150 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

- “Андижон сув таъминоти” МЧЖ томонидан истеъмолчиларга бир ойда 9 минг 742 м3 тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда, - дейди жамиятнинг марказий истеъмолчилар бўлими раҳбари Шоятбек Шермирзаев. -Бунинг учун 11 млрд 781 млн. сўм миқдорида молиявий сарф-ҳаражатлар амалга оширилади. Хизмат фаолиятидаги сифат меъёрини таъминлаш учун аҳолидан бир ойда 12 млрд. 879 млн. сўмлик тўловлар ундирилиши керак бўлгани ҳолда, ҳозирда бу кўрсаткич ўртача 6 млрд. 833 млн. сўмни ташкил этяпти. Бу эса ҳудудларни сувлаштириш, таъминотдаги муаммоларга бархам беришда салбий таъсир кўрсатмоқда. Юзага келган муаммони бартараф этиш бўйича манзилларда тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга ошириляпти. Шундай бўлсада, аҳоли томонидан тўловларни ўз вақтида бажариш масаласи муаммолигича қолмоқда.

Вилоятда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, яъни тоза ичимлик сувини ўз вақтида етказиб бериш аҳолининг кўрсатилган хизмат учун тўловни ўз вақтида амалга ошириши билан боғлиқ. Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар мавжуд экан, муаммоларнинг юзага келиши турган гап. Шундай экан, қарздорликни сўндириш билан боғлиқ масалаларни ҳар бир оила, фуқаро ўзидан бошламоғи мақсадга мувофиқдир.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер