Андижон шаҳрида 40 та замонавий электробус қатнови йўлга қўйилмоқда

09:30 04 Февраль 2026 Жамият
372 0

Андижон шаҳрида жамоат транспорти соҳасини янгилаш, аҳоли учун қулай, ишончли ва экологик хавфсиз қатновни таъминлаш йўлида тизимли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Шу йўналишда Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган «CAMBELL» русумидаги 40 та замонавий электробус вилоятга олиб келиниб, режа асосида шаҳар йўналишларига жойлаштирилмоқда.

Ушбу янги транспорт воситалари йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қатнов жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда шаҳар инфратузилмасини замон талабларига мослаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Электробусларнинг янги йўналишлар бўйлаб ҳаракатлана бошлаши фуқаролар томонидан мамнуният билан қабул қилинмоқда, — дейди йўловчи Исомиддин Хотамов. — Айниқса, уларнинг Олтинкўл туманидаги Мебелчилар саноат ҳудудидан Андижон шаҳри маркази томон қатнови ишга қатнайдиган аҳоли учун катта енгиллик яратди. Йўналиш очилганидан сўнг кундалик ҳаракатимиз анча осонлашди. Бугунги кунда транспорт оқими жадаллашиб, автобус энг хавфсиз ва ишончли қатнов воситасига айланганини инобатга олсак, бу жуда муҳим имкониятдир.

Электробуслар электр энергиясида ишлаши туфайли ҳавога зарарли моддалар чиқармайди, шовқин даражаси паст бўлиб, шаҳар экологиясига тўлиқ мос келади. Мазкур ташаббус Андижон шаҳрида жамоат транспорти хизматлари даражасини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли учун янада қулай ва замонавий қатнов муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер