Амалиёт бўлмаса, назариянинг нафи кам

15:28 19 Сентябр 2022 Жамият
725 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Педагог кадрлар тайёрловчи ОТМларида таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган 2–4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари «4+2» тартибида олиб борилишидан кўзланаётган мақсад ҳам уларга катта ҳаёт остонасида оз бўлсада, педагогик тажриба тўплашларига имкон яратишдан иборатдир. Яъни, эндиликда улар ҳафта давомида 4 кун ОТМда таҳсил олиб, 2 кун МТТ ва мактабларда амалиёт ўтайди.

— Педагогик амалиёт даврида амалиётчи-талаба таълим муассасасининг шарт-шароит ва ички тартиб қоидаларига мослашиш, педагогик жамоа билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади, — дейди НДПИ ректори Баҳодир Собиров. — Ўз навбатида таълим муассасаси ҳам бўлғуси педагогнинг назарий тайёргарлиги, савияси, салоҳияти билан танишиб, ўз тавсиялари билан кадрлар тайёрлашдек жараёнга бевосита жалб этилади.

Албатта, амалиёт хамирдан қил суғургандек, силлиқ жараён эмас. Илгарги тажрибадаги камчиликлар такрорланмаслиги, бир сўз билан айтганда талаба амалиётни тўлақонли ўташи учун нималарга эътибор берилиши ва унга қандай шароитлар яратиш лозим?

Навоий давлат Педагогика институти ташаббуси билан вилоят халқ таълими ҳамда мактабгача таълим бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган семинар мазкур масалалар ечимига қаратилди.

Семинарда институт талабаларининг «4+2» тизими асосида амалиёт ўташларини ташкил этиш, бўлажак педагогларнинг амалий кўникмаларини шакллантиришга оид муҳим вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

— Энг муҳими, узоқ йиллар ҳукм сурган, мана сенга ҳужжатларинг, истаган жойингда амалиётингни ўтаб кел, деган «қора анъана»га барҳам берилади, — дейди вилоят ХТБ бошлиғи Марат Шомуродов. — Устоз-шогирд тизими асосида талабада ўзига ишонч мустаҳкамланиб, ўз мавқеига эга бўлади.

— Боғча ёшидаги боланинг таълим-тарбиясида амалиётнинг ўрни ниҳоятда улкан, — дейди вилоят МТТ бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев. — Айниқса, соҳадаги ислоҳотлар бугун тизим жамоаси олдига ўта юқори марраларни қўйгач, табиийки, кадрларга талабимиз ҳам анча жиддийлашди. Чунки энди боғчалар банд ота-онанинг фарзандлари учун кунни кеч қиладиган оддий даргоҳ эмас, балки таълим ва тарбиянинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Ушбу муассасада қўйилган пойдевор мустаҳкам бўлмоғи лозим.

Семинарда талабаларнинг амалиёти билан боғлиқ ташкилий жиҳатлар муҳокама этилиб, тавсиялар ишлаб чиқилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер