Алоқа хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган муҳим қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи ва унинг хусусиятлари, ушбу шартномавий муносабатларда шартнома объектини тасарруф этиш, гаровга қўйиш ва ундирувга қаратишга доир қоидалар назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижара ва лизинг муносабатларидаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, ушбу соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари ушбу ҳужжатнинг зарурати ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича бир қатор таклифлар беришди. Қизғин бахс-мунозалардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Шундан сўнг, фракция аъзолари “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари фаолияти билан шуғулланганлик учун давлат божи ставкалари миқдорларини мақбуллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида унинг бугунги кунда долзарблиги, жуда зарурлигини эътиборга олиб, уни янада такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар беришди. Лойиҳадаги айрим нормалар бўйича кўплаб саволлар ўртага ташланди ва уларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар олинди.
— Сўнгги йилларда телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш фаолияти учун лицензия бериш тартиби соддалаштирилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Санжар Ҳамидуллаев. — Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шубҳасиз, уяли алоқа виртуал оператори сифатида алоқа хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда истеъмолчиларга замонавий уяли алоқа хизматларини тақдим этиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шу сабабли қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблардан сўнг, мазкур ҳужжат лойиҳасини маъқулладик.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг