Албанияда «СИ-вазир» ташқи қиёфасидан маҳрум бўлиши мумкин
Албания ҳукумати «Диелла» номли сунъий интеллект (СИ) асосида яратилган виртуал вазирнинг ташқи қиёфасига бўлган ҳуқуқдан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур СИ образи актриса Анила Бишанинг ташқи қиёфаси ва овози асосида яратилган. У судга мурожаат қилиб, ўз тасвири ноқонуний тарзда қўлланилаётганини маълум қилган.
Албания ҳукумати матбуот котиби Манжола Ҳаса даъвони «абсурд» деб баҳолаган.
«Бизнингча, бу даъво мутлақо асоссиз. Бироқ масалани суд орқали узил-кесил ҳал қилиш имконияти борлигидан мамнунмиз», — деди у.
«Диелла» давлат хизматлари портали — e-Albania доирасида тузилган шартнома асосида яратилган бўлиб, келишув фақат ушбу платформа билан чекланиши керак эди. Шартнома 2025 йил декабрь ойи охирида ўз кучини йўқотган.
Шундан сўнг Биша ҳукумат ва лойиҳада иштирок этган хусусий компанияга нисбатан судга даъво аризаси киритган.
Судга тақдим этилган ҳужжатларда айтилишича, ҳукумат актрисанинг ташқи қиёфасини келишилган муддат ва доирадан ташқари ҳолда фойдаланишда давом этган. Бу эса унга жиддий ва қайтариб бўлмас зарар етказган.
Актриса суд қарори чиққунга қадар ўз тасвиридан фойдаланишни тақиқлашни талаб қилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг