Айритом йирик савдо ва ишлаб чиқариш марказига айланмоқда
Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган Термиз тумани Айритом маҳалласи ҳудудида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси барпо этилмоқда. Қарийб 80 гектар майдонни эгаллаган мазкур иқтисодий зонада 120 дан ортиқ йирик лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган.
-Дастлабки босқичда умумий қиймати 66,2 миллион долларга тенг бўлган 17 та лойиҳани амалга оширишга киришдик, - дейди “Термиз” эркин иқтисодий зонаси раҳбари Улуғбек Сапиев. - Шу йил ноябрь ойида “IDENIM Textile” корхонаси ишга туширилади. Мазкур корхонада 1500 мингга яқин хотин-қизр иш билан таъминланади. Бундан ташқари лойиҳа қиймати 15 миллион долларга тенг бўлган, телевизор ва турли маиший техникалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “IDENIM Electronics” корхонаси ҳам фаолиятини бошлайди.
У. Сапиев қайд этиб ўтган 17 лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши натижасида бу ерда йилига 15 минг дона телевизор, 74 минг тонна ун ва ун маҳсулотлари, 438 минг дона чинни маҳсулотлари, 3,5 минг тонна қурилиш, фасад материаллари, 905 минг погона/метр полиэтилен ва полипропилен қувурлари ҳамда фитинглар
3 миллион дона болалар таглиги ва гигиена воситалари, 1,5 минг тонна лак-бўёқ ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Умуман айтганда, “Термиз” эркин иқтисодий зонасида 120 та лойиҳа тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, бир йилда 1 триллион 100 миллиард сўмлик маҳсулот истеъмол бозорига етказиб берилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 февралдаги қарорига биноан мазкур ҳудудда “Термиз халқаро савдо маркази” ҳам ташкил этилмоқда. Қиймати 75 миллион долларлик ушбу лойиҳага кўра, 1800 та савдо нуқтаси, 50 та логистика маркази, 15 минг қатновли тиббиёт маркази, 400 ўринли 2 та меҳмонхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маркази ва 4 та назоратдан ўтказиш пункти барпо этилади. Жами 6 мингта иш ўрни яратилади. Йиллик савдо айланмаси 500 миллион долларга етказилиб, йилига 192 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Пировардида эса Айритом юртимизнинг йирик савдо ва ишлаб чиқариш марказига айланади.
Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг