Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги қай даражада?
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда бутун дунёда юқумли касалликлар тарқалиши бўйича эпидемиологик вазият барқарор эмас. Шундай мураккаб вазиятда давлатимиз томонидан миллий эмлаш тақвимига асосан 16 ёшгача бўлган болаларни 13 хилдаги касалликларга қарши бепул эмлаш йўлга қўйилди.
Айни жараёнда Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги 230 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи 58 та маҳалла фуқаро йиғинлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, тиббиёт муассасалари, деҳқон бозори, умумий овқатланиш шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш корхоналарида санитария–эпидемиологик осойишталикни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
— Бу борада «маҳаллабай» тизими бўйича ҳар бир ҳудуд кесимида аниқ ва манзилли иш ташкил этилмоқда, — дейди Бағдод тумани санитария–эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Шоҳрух Эркинжонов. — Хусусан, турли юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида тумандаги 140 дан ортиқ ичимлик суви тарқатиш объектлари сувидан намуналар олиниб, кимёвий, бактериологик ва вирусологик текшириш ишлари олиб борилди. Доимий равишда тупроқ, гўшт, сут ва бошқа кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича лаборатория таҳлилларини амалга ошириш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш корхоналарининг атмосфера ҳавосига чиқарадиган чиқинди меъёри лаборатория таҳлиллари асосида назорат қилинмоқда.
Ўтган даврда соҳа мутахассислари томонидан 38 мингдан кўпроқ аҳоли хонадонлари, маҳалла ҳудудларида ботулизм, қутуриш, вирусли гепатит, ўткир юқумли ичак касалликлари, сил, ОИТС, қизамиқ каби касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилди.
Замонавий мезонлар асосида фаолият олиб боришда ушбу йўналишда жаҳон андозалари даражасида шароит яратилгани, моддий–техник базаси мустаҳкамлангани муҳим омил бўлмоқда. Яқин йилларда бундай имкониятга эга бўлган бўлим мутахассислари ихтисослашган тезкор тиббий–санитар бригадалари ёрдамида ҳар бир мурожаат бўйича қисқа вақтда жойига етиб бориш ҳамда муаммони бартараф этиш борасида яхши натижаларга эришмоқда.
Ўз навбатида, яқин истиқболда бўлим мутахассислари томонидан тадбиркорларга хорижга экспорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари учун санитария хулосаларини бериш мақсадида қўшимча лаборатория таҳлилларини ўтказишни жорий қилиш мақсадида янги асбоб-ускуналар сотиб олиш режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг