Аҳоли мурожаатлари ижобий ечим топмоқда

12:54 31 Январь 2025 Жамият
369 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда Андижон вилоятида республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан танлаб олинган маҳаллаларда “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезони доирасидаги саъй-ҳаракатларни шакллантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, ислоҳотлар самарадорлигини оширишга кўмаклашилмоқда.

Балиқчи туманидаги “Илғор” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг электр энергияси таъминотига доир мурожаатлари ўрганилиб, шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди. Натижада маҳалладаги қўлбола симёғочлар 26 та темир бетон таянчларга алмаштирилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари Булоқбоши туманидаги “Барлос” МФЙда ҳам бўлди. Ушбу манзилдаги 2025 йилга киритилган электр тармоқларини таъмирлаш, янги трансформатор пунктини ўрнатиш, 3,6 километр масофадаги ички йўлни таъмирлаш дастури, 8-умумтаълим мактабида куз-қиш мавсуми учун яратилган шароитлар билан танишди. Ўрганиш давомида мавжуд камчиликлар бартараф этилиб, зарур вазифалар юзасидан кўрсатмалар берилди.

Фуқаролар мурожаатларини тинглаш орқали ҳудудлардаги муаммоларнинг ижобий ечимини таъминлашда жойларда бўлиб ўтаётган сайёр қабулларнинг аҳамияти катта бўляпти. Марҳамат туманида ўтказилган тадбирда Булоқбоши, Марҳамат ва Асака туманида истиқомат қилувчи аҳолининг ҳам мурожаатларига ечим изланди.

— Фойдаланилган ичимлик суви бўйича тўловни ҳисоб-китоб қилишда айрим муаммолар вужудга келганди, — дейди Марҳамат туманидаги “Шўрпақир” кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси Қосимжон Абдусатторов. —Сайёр қабулда “Ўзсувтаъминот” АЖ вакиллари мурожаатимизни тинглаб, шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилиб берди.

Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер