«AGRO PRO EXPO-2025» кўргазмаси давом этмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Аввал хабар берганимиздек, Жомбой туманидаги «SOF EXPO Samarkand» мажмуасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқариш корхоналарининг «AGRO PRO EXPO-2025» халқаро кўргазмаси ўтказилмоқда.

Кўргазма аграр соҳадаги етакчи экспертлар, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар иштирокида энг сўнгги ютуқларни намойиш этиш, тажриба алмашиш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш имконини беради.

Бу йилги кўргазмада мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни жалб этиш бўйича ишланмалар, серҳосил ва касалликка чидамли уруғлар, муқобил энергия воситалари ёрдамида суғориш технологиялари, ўриш-йиғиш, саралаш ва қадоқлаш техникалари, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш усулларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Биз ушбу кўргазмада илк бор қатнашяпмиз ва корхонамиз Хитойнинг қишлоқ хўжалиги экинларини дронлар ёрдамида суғоришга ихтисослашган дунёдаги етакчи «Dji» компаниясининг Бухоро вилоятида жойлашган вакили ҳисобланади, — дейди «Merganteks» кластер корхонаси директори Нурали Ўринов. — Экологияга зарарсиз бўлган дронларнинг биттаси бир кунда 100 гектар майдонни гранула ва суюқ ўғитлар билан озиқлантириши мумкин. Яъни шоли, пахта, маккажўхори, буғдой, дарахтлар, ҳар қандай қияликлардаги экинлар, техникада ишлов бериш имконсиз майдонлар, лалми ерларда ишлатилади. Самарқанд вилоятидаги кластер корхоналари билан ҳам келишувлар тузилиб, 20 та дрон етказиб бериш бўйича буюртма олдик. Бундан ташқари, корхонамиз томонидан Хитой технологиясига асосланган серҳосил ва унувчанлиги тўлиқ ва 70-90 центнергача ҳосил олиш мумкин бўлган ғўза уруғларини ҳам таклиф этяпмиз. Яна ҳосилдорлиги 106 центнер буғдой навларини ҳам деҳқонларга тақдим қиляпмиз.

«AGRO PRO EXPO-2025» кўргазмасида ўн турдан ортиқ 85 дан зиёд техника, 5 та комбайн, 30 та трактор, ўғит, уруғлар намойиш қилинмоқда. Асаларичилик, агрохимия, суғориш тизимлари, чорвачилик ветеринария препаратлари, инвитро лабораториялар, иссиқхона хўжаликлари, паррандачилик ускуналари ва озуқалари, қуёш панеллари ҳам тақдим этилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг