Адолат қарор топса, давлатга ишонч ортади
Андижон вилоятида ташкил этилган оммавий қабулларда фуқароларнинг 800 га яқин мурожаатлари кўриб чиқилди.
Шу йилнинг 20-21 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Андижон вилояти туманларида оммавий қабуллар ўтказилди. Вилоятдан давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонасига бўлган мурожаатлар қатор вазирликлар, бошқармалар мутасаддилари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилди ҳамда уларни қаноатлантириш чоралари кўрилди.
Айтиш жоизки, шу кунгача вилоятда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси иштирокида уч марта оммавий қабул ташкил этилган бўлиб, уларда жами 3 мингдан ортиқ масалалар кўриб чиқилди. Шулардан 92 фоизи жойида ижобий ҳал қилинди. Бу галги қабул вилоятнинг тўртта туманида ташкил этилган бўлиб, уларда 16 та шаҳар ва тумандан ташриф буюрган фуқароларнинг 800 га яқин мурожаатлари кўриб чиқилди. Ўрганиш натижаси таҳлил қилинганда, аҳолини энг кўп қийнаётган муаммолар — уй-жой, бандлик, коммунал хизмат, суд, банк, тиббиёт ҳамда тадбиркорлик соҳаларига оид бўлиб, аввалги мурожаатлардан фарқли ўлароқ, фуқароларда жамиятдаги жараёнларга нисбатан бефарқлик барҳам топиб, уларда фаоллик ва дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётганлигига гувоҳ бўласиз. Масалан, Избоскан, Олтинкўл, Андижон ҳамда -Пахтаобод туманлари фуқаролари муаммоларига ечим топиш мақсадида Избоскан туманида ташкил этилган оммавий қабулда сўз олган 77 ёшли Ўсаржон Сотволдиев шундай дейди:
— Мен истиқомат қилаётган Олтинкўл туманининг Чинобод кўчасида шароит жуда яхши. Кўчамиз асфальтланган. Йўлимиз текис ва равонлиги билан ҳамиша фахрланамиз. Бироқ 9-умумтаълим мактаби жойлашган ҳудуддаги 450 метрдан иборат йўл қарийб беш -йилдан буён таъмирталаблигича қолмоқда. Бу ерда 1000 нафар ўқувчи таҳсил олаяпти. Ёзда чанг, қишда лой кўчадан азият чекаётганлар мана шу болажонлардир. Ҳеч бўлмаганда, шағал тўкиш ишлари амалга оширилмаса, набираларимиз кўзига қандай қараймиз?
Мурожаат ечимини кутишга тўғри келмади. Олтинкўл тумани ҳокими Бахтимурод Каримов шу йилнинг 20 май кунига қадар ушбу ҳудудда нафақат асфальтлаштириш, балки ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилишини ваъда қилди.
— Иккинчи жаҳон уруши йилларида осмонимиз мусаффо бўлиб, юртимизда тинчлик ҳукм сурармикин, деган хаёлга борардим, — дейди Избоскан туманининг Пойтуғ шаҳрида яшовчи
97 ёшли Қўчқорвой ота Йўлдошев. — Шукрлар бўлсинки, бугун ана шундай дориламон кунларда яшаяпмиз. Ҳар кунимиз осуда ўтаётганидан дуодамиз. Юртбошимиз томонидан тадбиркорларга яратилаётган шароитлар, айниқса, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича олиб борилаётган тавсияларни кўриб, эшитиб, менинг ҳам ғайратим жўшиб кетди. Шунинг учун сизларга мурожаат этиб, бир гектар ер сўрамоқчиман. Боғ яратиб, атрофимга набираларимни жамлаш ниятим бор.
Отахон юз йиллик тўйини айнан ўзи барпо қилган боғда нишонласа, ажаб эмас. Зеро, шу куни уруш фахрийсининг илтимоси қаноатлантирилиб, унга ер майдони ажратиладиган бўлди.
Бўз туманида ташкил этилган оммавий қабул ана шундай кўтаринки руҳда кечди. Боиси, унда Бўз, Шаҳрихон, Улуғнор ва Балиқчи туманларидан ташриф буюрган 175 нафар фуқарони қийнаётган муаммолар ижобий ечимини топди. Умуман, бу йилги -оммавий қабул билан аввалги қабулларни таҳлил қилар эканмиз, фуқароларда мурожаат этиш маданияти ҳамда сўровлар мазмуни ўзгариб бораётганига гувоҳ бўлдик. Олдинги қабулларда аксарият ҳолларда шахсий муаммолар устунлик қилган бўлса, эндиликда одамларда жамиятга нисбатан эътиборлилик ва фаоллик ҳисси ошган.
— Кимнинг оиласида муаммо йўқ дейсиз, — дейди Жалақудуқ туманининг “Осуда ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Каримжон Расулов. — Хонадонимиздаги камчиликларни бартараф этиш — бурчимиз. Сиз бизга маҳалламиздаги муаммоларнинг ечимини топишда амалий ёрдам берсангиз. Мисол учун, бизнинг қишлоқ туман марказидан 20 чақирим узоқликда жойлашган. Бироқ йўлимиз таъмирталаблиги боис -автомашиналар ҳам юролмайди. Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Электр энергияси таъминотида узилишлар бўлиб турибди. -Симёғочларни ўзимиз қўлбола усулда тайёрлаб олганмиз. Суюлтирилган баллонли газ вақтида алмаштирилмайди. Муҳими, ҳудудимизга тадбиркорлик фаолиятини йўналтиришда амалий ёрдам керак. Шунда янги иш ўринлари очилиб, оилалардаги моддий етишмовчилик барҳам топади.
Жалақудуқ туманида бўлиб ўтган оммавий қабулда, шунингдек, Қўрғонтепа, Булоқбоши, Хўжаобод туманлари ва Хонобод шаҳридан мурожаат қилувчиларнинг масалалари ҳам ўрганилди.
Маълумки, республикамизда кадастр ҳужжати йўқ уй-жой ва ерларни тўлиқ рўйхатга олиш куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш борасида бир қанча дастур ҳамда лойиҳалар ишлаб чиқилган. Айниқса, ўзбошимчалик билан қуриб олинган тураржой биноларини расмийлаштириш юзасидан давлатимиз томонидан кўрилаётган чоралардан юртдошларимиз ниҳоятда мамнун. Зеро, Андижон вилоятида ҳам бу борада ечимини кутаётган муаммолар бир талай. Асака туманида бўлиб ўтган қабулга келган Асака, Шаҳрихон, Марҳамат туманлари ва Андижон шаҳри фуқаролари ҳам бу каби масалага ечим топишдан умидворлар. Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида яшовчи Муаттар Сотиболдиева улардан биридир.
— Биз истиқомат қилаётган ҳовли Боғишамол даҳасининг қир-адирлик ҳудудида жойлашган. Ота-боболаримиздан мерос қолиб келаётган бу уйларнинг, афсуски, шу пайтгача кадастр ҳужжатлари йўқ. Бу кўчмас мулкни сотиш ёки сотиб олишда ўзига хос муаммолар туғдирмоқда. Атрофимизда ўзлаштирилмаган ҳудудлар кўплиги боис қўшимча тураржой биноларини қуриб олганмиз. Бу ноқонуний эканлигини вақтида тушунмаганмиз. Уларга кадастр ҳужжати тайёрлашда қийинчиликларга дуч келаяпмиз. Шу масалада ёрдам сўраб келган эдим, мутасаддилар керакли кўрсатмаларни беришди.
Ана шундай юртдошларимиздан яна бири Гавҳарой Деҳқонова Олтинкўл туманидаги Маслаҳат маҳалласининг Ҳасан-Ҳусан кўчасида яшайди. Афсуски, беэътиборлик, қолаверса, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслик унинг кадастр масаласидаги муаммосига сабаб бўлди. Бу масалани бартараф қилиш учун қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилиб, унинг тураржойи кадастр ҳужжатларини тузиш чораси кўрилди.
Жойларда ташкил қилинган оммавий қабуллар давомида нафақат мурожаатлар тингланди, айни чоғда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди, моддий ва маънавий кўмак берилди.
Қайсики давлатда адолат устувор экан, шу ерда ривожланиш, тараққиёт бўлаверади. Зеро, адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Бир инсон кўнглига йўл топиб, унинг дардига малҳам бўлиш, муаммосини ижобий ҳал этиш ҳам адолат йўлида ташланган катта қадамдир. Адолат бор жойда эса халқнинг давлатга ишончи, эртанги кунга умиди ортади.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг