Абобакрхўжа ота нега қишлоғимизнинг рекордлар китобига кирган?

15:37 23 Сентябр 2020 Жамият
1447 0

Тонг отди дегунча далага ошиқадиган дадажоним яқинда қизиқ гапни айтиб қолдилар. «Сен шаҳардаги ҳаммани мақола қилиб ёзяпсан. Нимага ўзимизни қишлоқнинг одамларини ёзмайсан. Эртага мен билан далага борасан. Абобакрхўжа тоғангни тутзори бор. Шу тутзорни ёзиб чиққин. Бизни далалар ҳам бир газеталарда чиқсин»... Очиғи, бу гапларни тинглаб, дадамнинг ижодимга бефарқ эмаслигидан қувонган бўлсам, бир томондан оддий тутзорни нима деб ёзиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдим. Аммо, эртанси куни далага бориб, бекорга ўйланганимни тушундим. Абобакрхўжа отанинг тутзори ҳам дадамнинг шолипоялари томонда экан. Қизиқ, далага шунча бориб, тут кўчатларига эътибор бермабман. Тутзор ёнгинасидан ўтган ариқ бўйида ота билан суҳбат қурдим. Бугун ана шу суҳбатдан олган хулосаларим ва олтмиш олти ёшида фермер хўжалиги ташкил қилиб, унга бошчилик қилаётган меҳнаткаш инсон ҳақида ҳикоя қиламан.

Қаҳрамонимиз Абобакрхўжа ота Толибов ҳеч тиниб-тинчимайдиган, серҳаракат, дуогўй ва нуроний отахонлардан бири ҳисобланади. Қайси даврага кириб бормасин, алоҳида ҳурмат билан қарши олинади. Нотўғри гап айтаётган, бировнинг ортидан ғийбат қилаётган кишини кўрса, дакки бермасдан ўтмайди. Шунинг учун ҳам у киши бўлган давраларда фақат мазмунли мавзуларда суҳбат қурилади. Асли Фарғонанинг Ёйилма қишлоғидан бўлган ота 2019 йили хонадони атрофидаги даладан бир гектар ер олиб, кўчат етиштиришга ихтисослаштирилган «Дунёбегим» фермер хўжалигига асос солган. Тасаввур қиляпсизми, олтмиш олти ёшда фемерликни бошлаш кимнинг хаёлига келибди, дейсиз. Отадан бу ғайрат, бу кучнинг сабабини сўраганимда шундай пурмаъно жавоб қайтардиларки, ўша фикрларни ўз ҳолича сизга илинаман.

«ИШЛАБ ДАМ ОЛАМАН-ДА»

“Болалигимиз меҳнатда ўтган. Қишлоғимизда отамнинг отини билмайдиган одам йўқ эди. Ҳамма мени Орифхўжа деҳқоннинг ўғли деб, яхши кўрарди. Онам ҳам камтар, камсуқум аёл бўлганлар. Мактабимиздаги ота-оналар йиғилишида устозларнинг «Фарзанд тарбиялашни Хафизахондан ўрганиш керак», деб айтганларини ҳам эшитганман. Хуллас, тартибли оилада мустаҳкам интизом билан тарбия кўрганмиз. Отам ҳамиша ҳалол яшашимизни, бировнинг қўлига қараб ўтирмасдан меҳнат қилишимизни, ака-укаларга нисбатан меҳр-оқибатли бўлишимизни уқтириб ўстирганлар. Шу сабабли ҳам меҳнатни яхши кўраман. Жим ўтиришга сабрим чидамайди. Ҳамма ўтириб, ётиб дам олса, мен ишлаб дам оламан-да, болам”, - дейди «Дунёбегим» фермер хўжалиги раҳбари.

АЪЛОЧИ ИНСОНЛАР

Сувлари бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаётган ариқ бўйида ўтириб, дала шабадасида рақсга тушаётган тут кўчатларига қараб дилим яйради. Чиндан ҳам инсоннинг қўли гул экан. Ҳалол меҳнат билан қоқ дала марказида тутзор бунёд этиш анча-мунча ёшларнинг қўлидан келмайдиган иш. Лекин ҳали бақувват бўлган Абобакрхўжа отага нисбатан кексайган деган таърифни бериб бўлмайди. Энг асосийси, отанинг юраги, шижоати ва ғайрати қаримаган. Уч фарзанднинг отажони, ўн набиранинг меҳрибон бобожони бўлган қаҳрамонимизнинг ўғиллари Авазхон ака мактабда информатикадан дарс беради. Бугун ўз қўрғонларида келинлик вазифани астойдил бажараётган, Абобакрхўжа ота билан Пошшахон оналарнинг берган тарбияларини оқлаётган Наргиза ва Арофат опалар ҳам ҳамшираликка ўқишган. Умуман олганда қишлоқнинг зиёли оиласи бўлган бу хонадонга ҳамманинг ҳаваси келади. Ҳавас қилса арзигулик қўрғон қуриш эса, осон эмас. Бунинг учун ҳаёт мактабидаги сабр-бардош, ишонч, садоқат, меҳр-муҳаббат, адолат ва саховат, тафаккур ва яхшилик фанларидан фақат аъло баҳоларга ўқиган бўлиш керак. Демак, фермер ота ва уларнинг меҳнаткаш рафиқалари Пошшахон она ана шундай аълочи инсонлардан экан.

ОТАХОННИНГ ОЛТИН ФАЛСАФАСИ

Яна бир қизиқ маълумот борки, уни айтиш жоиз деб ўйлайман. Одатда кўпчилик бозордан тайёр кўчатларни олиб келиб, ўз ҳовлисига, боғига, томорқасига экишади. Аммо кўчатни уруғдан ундиришнинг гашти ҳам, меҳнати ҳам, шунга яраша заҳмати ҳам ўзгача. Серғайрат қаҳрамонимиз ўз даласидаги ўттиз минг туп тут кўчатини уруғдан етиштириб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирмаган бўлсалар-да, уларнинг исми қишлоғимизнинг рекордлар китобида катта ҳарфлар билан ёзилган. Ўттиз минг туп кўчатни қўл билан ёзиш ё тил билан айтиш, хаёл қилиш осон, аммо ундириш, парвариш қилиш, уларга меҳр бериш биз ўйлаганчалик оддий иш эмас. Умри давомида бир туп кўчат экмай ўтган қанча инсонларни биламиз. Шаҳарларда кўчат экиш нималигини билмасдан қанчадан қанча болалар тарбияланяпти. Эҳҳе, уларнинг сон-саноғи йўқ. Абобакрхўжа ота эса, набираларини табиатга, хусусан кўчатларга меҳрибон, меҳнаткаш қилиб тарбиялаган. Фермер ота «Фарзандларга болаликдан меҳнат қилишни ўргатиш – мукаммал тарбиянинг олтин кўринишдаги дебочасидир», деган ҳаётий фалсафага амал қилиб яшайдилар.

ҲАР СОҲАДАН БИР ШИНГИЛ

Болалик пайтларида агроном бўлишни орзулаган қаҳрамонимиз шу кунга қадар босиб ўтган ҳаёт йўллари давомида боғбон, шофёр, тракторчи, ёрдамчи қишлоқ хўжалиги раиси, шоликор, деҳқон каби касбларда ҳалоллик билан меҳнат қилган. Ҳар соҳадан бир шингил илм олиб, бугун ернинг тилини биладиган, замин билан сирлашадиган, дала шароитида қайси кўчатни экса, қандай натижа олиш мумкинлиги бўйича мутахассис бўлган фермерга айланиб турибдилар. Бугунги кунда қаҳрамонимизни излаб маҳалламизга бошқа туманлардан, ҳатто бошқа вилоятлардан ҳам меҳмонлар келишади. Тут кўчатини етиштириш илинжида бўлганларга ота ўз маслаҳатларини, кўмак ва кўрсатмаларини беради. «Биз ҳам ўрганганмиз, демак, бошқаларга ҳам ўргатишимиз керак», -дейди тиниб-тинчимас фермер.

КЎЧАТЛАРНИНГ ЎЗЛАРИ АЙТАДИ

Отанинг яна бир яхши одатлари бор. Абобакрхўжа ота атроф ёришиши билан эрталабки нонуштани ҳам қилмасдан далага бориб, тутзор оралаб, кўчатлар билан гаплашиб келаркан. Ҳа, тўғри ўқидингиз, фермер ота кўчатларнинг тилини биларкан. Бу ҳақда уларнинг ўзлари шундай дейди: “Аслида ҳамма эрталабки машқларни ўз вақтида бажариши керак. Машқ қилган киши ҳам соғлом, ҳам яхши кайфиятда бўлади. Менинг эрталабки машғулотим шу – далага бориб, кўчатлардан хабар олишда. Бу кўчатларни бугунги ҳолига келтириш осон бўлгани йўқ. Айниқса, уруғидан ундириш ҳазилакам иш эмас. Аввалига уруғ олиш учун «Оналик майдони»ни ташкил қилдик. Пишган тут мевасидан уруғ олгандан кейин, уларни яхши ният билан ерга қададик. Шу сабабли бу ниҳоллар, бу тут кўчатлари ўз болаларимдай бўлиб қолган. Тонг саҳарда келсам, кўчатларим менга қараб салом бергандай, кетадиган бўлсам «Яхши боринг», дегандай бўлади. Қачон сув қуйиш, қачон ўғит бериш кераклигини ҳам кўчатларнинг ўзлари айтишади. Уларга меҳрим тушиб қолган”.

Яхши ниятлар билан фермерликни бошлаган, бу ғайрати билан кўпчилик ёшларга, нафақат ёшларга, балки ҳаммага ўрнак бўлган қаҳрамонимиз биринчи йилги даромадни қирқ миллион деб кўзлаб турибдилар. Мана сизга меҳнатнинг натижаси. Ниятимиз Абобакрхўжа ота Толибов каби меҳнаткаш инсонлар доим соғ-саломат бўлсин. Отага келгусида олинажак даромадлардан Ҳаж зиёратларига ҳам бориб келиш насиб қилсин. Ерга ниҳол қадаган инсондан ёмонлик чиқмайди. Орамизда яхшилар кўпайсин. Улар яхшилик қилишдан, биз ёзишдан чарчамайлик. Шундай яхши мавзу топиб берганлари учун дадажонимга ҳам раҳмат!

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ,

Гулистон давлат университети талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер