Абдулазиз Комилов Боку форумида Евроосиёнинг янги транспорт-логистика харитаси ва минтақавий хавфсизлик масалаларини илгари сурди

19:44 14 Март 2026 Сиёсат
854 0

Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 12–14 март кунлари Низомий Ганжавий халқаро маркази ҳомийлигида ташкил этилган XIII Глобал Боку форумида иштирок этди. «Ўтиш даврини бошдан кечираётган дунёда келишмовчиликларни енгиб ўтиш» шиори остида ўтган ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан 400 га яқин вакиллар, жумладан, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, бир қатор давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар етакчилари жам бўлиб, халқаро хавфсизлик архитектурасининг трансформацияси ва глобал ноаниқлик шароитида барқарор ривожланиш йўлларини муҳокама қилдилар.

Абдулазиз Комилов ўз нутқида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг ишончли мулоқоти ҳамда иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида мисли кўрилмаган даражада ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Маслаҳатчи Марказий Осиёдаги тинчликпарвар сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик натижасида ички савдо икки баробарга, ўзаро инвестициялар эса беш баробарга ошганини қайд этиб, Жанубий Кавказда ҳам шу каби ижобий жараёнлар шаклланаётганини, Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тикланишини ҳамда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик келишуви имзоланишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Форум давомида транспорт ва транзит ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, Ўрта йўлак Хитой ва Марказий Осиёни Кавказ ҳамда Европа билан боғловчи энг қисқа йўналиш экани, уни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли, Трансафғон йўналиши ва Зангезур коридори билан уйғунлаштириш Евроосиё учун улкан иқтисодий имкониятлар очиши қайд этилди. Ушбу диверсификацияланган транспорт тармоғи Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Европагача бўлган ҳудудни қамраб олиб, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув, янги бозорларга чиқиш ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер