Lonely Planet: Ўзбекистон — Осиёнинг энг саёҳатбоп манзили

21:35 11 Июль 2018 Жамият
1697 0
Иллюстратив фото

Дунёга машҳур Lonely Planet журналида «Осиёдаги саёҳат учун энг мақбул жойлар рейтинги» эълон қилинди.

Қайд этиш жоизки, 1972 йили Австралияда ташкил қилинган мазкур журнал туризмга ихтисослаштирилган нашр ҳисобланади. У 2007 йилдан “BBC Worldwide” гуруҳига киритилган. Ҳар йили 500 дан зиёд нашрлар, китоблар, қўлланмалар чоп этади.

Ўзбекистон илк бор ушбу рўйхатга киритилиб, Жанубий Кореядан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Эътиборлиси, юртимиз ўзининг жозибадорлиги бўйича Вьетнам, Япония, Таиланд, Непал, Шри-Ланка, Хитой ва Индонезия сингари давлатлардан олдинда қайд этилди.

“Бу диёр муҳташам масжидлари, Буюк Ипак йўли бўйлаб тарқалган осориатиқалари билан сайёҳларни ҳайратга солиб келган. Аммо яқин вақтгача хорижликлар ушбу мамлакат ҳақида етарли даражада билмас эдилар”, деб ёзилади “Lonely Planet” журналида.

Республикамизда замонавий босқичда туризм жабҳасини ривожлантириш, сайёҳларга янгидан-янги қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берар экан, журналда шундай давом эттирилади:

“2017 йилнинг сўнгига келиб мамлакат улкан зафарларга эришди. Туризм соҳаси чет элликлар учун янгитдан очилди деса, муболаға бўлмайди. Виза тартибининг соддалаштирилиши, электрон визаларнинг жорий қилиниши, баъзи давлатлар фуқаролари учун визасиз тартибнинг йўлга қўйилиши муҳим воқеалардан бўлди. Янги ҳаво йўналишларининг очилиши, темир йўллар тармоғининг кенгайиши кўҳна шаҳарларга бориш учун кенг имкониятлар яратди”.

Нашр таҳлилчиларининг фикрича, республикамизда кечаётган ижобий жараёнлар унинг сайёҳлик имкониятлари ва меҳмондўстлик анъаналарини дунёга янги жиҳатдан очишга хизмат қилаётир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер