85 йилдан буён ҳамжиҳатликда

12:48 03 Октябр 2022 Жамият
584 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон кўп миллатли юрт. Бугун республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳилликда яшаб келмоқда. Уларнинг урф-одат ва анъаналарига, миллий қадриятларига ҳурмат муносабатида бўлиш миллий қонунчилигимизнинг асосий йўналишларидан биридир. Тўйлар-тўйга, байрамлар байрамга уланиши шундан. Мамлакатимизда корейс халқи вакиллари истиқомат қилаётганлигининг 85 йиллиги муносабати билан Наманганда ташкил қилинган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ҳам қардош халқлар бирлиги ва қадриятларини тараннум этди.

Гуллар шаҳридаги маданият марказида Наманган вилояти ва Давлатобод туман ҳокимликлари ҳамда миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда корейс, рус, тожик ва қирғиз миллий маданий марказлари ўз анъаналарини акс эттирувчи кўргазмалари билан иштирок этди.

Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Галина Шин ҳамда халқаро танловлар иштирокчиси «Асадал» миллий ансамбли томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар, шунингдек, ўзбек миллий рақс намуналари ҳамда қардош халқлар ҳамдўстлигини ифода этувчи тароналар иштирокчиларга завқли лаҳзаларни ҳадя этди.

— Наманганда икки мингга яқин диаспорамиз вакиллари истиқомат қилади, — дейди вилоят корейс миллий маданий маркази раиси, Шуҳрат медали соҳибаси Лариса Ни. — Ўзбеклар билан қадрдонлашиб кетганмиз. Бу сингари маданий тадбирлар миллатлар ўртасидаги биродарлик, аҳилликни янада мустаҳкамлайди.

Анжуман сўнггида учрашувда фаол иштирок этган маданият ва санъат вакиллари шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Галина Шинга эсдалик совғалари топширилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер