7 мингдан ортиқ мақоласи чоп қилинган хоразмлик журналистни биласизми?
Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Ўзбек матбуоти тарихида ўз ўрни, ўз сўзига эга бўлган хоразмлик таниқли журналист Рўзимбой Ҳасаннинг ўтган асрнинг 80-90 йилларида даврнинг оғриқли муаммолари, халқ дардини дадил кўтариб чиққан мақолалари кекса ва ўрта авлод вакилларининг ҳамон ёдида. Илк мақоласи 1968 йилда болалар газетасида босилиб чиққанида 10 яшар мактаб ўқувчиси эди. Шундан буён орадан ярим асрдан зиёд вақт ўтибдики, Рўзимбой аканинг қўлидан қалам тушмайди.
Рўзимбой Ҳасаннинг ижоди билан юртимиз газетхонлари жуда яхши таниш. Унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ қизиқарли фактларни кўпчилик билмайди. Газета тахламларини варақлаб ҳисоб-китоб қилинганда аниқландики, ўтган йиллар мобайнида Рўзимбой Ҳасаннинг 7 мингдан ортиқ мақоласи 40 та номдаги газета ва журналларда чоп қилинибди!
Замондош ҳамкасбларининг таъкидлашича, Рўзимбой Ҳасан ҳатто ўқувчилик пайтида ҳам туман газетасининг штатдаги мухбирларидан кўпроқ ёзаркан. «Туркистон» газетасида ишлаган пайтида бир сонда 2-3 та мақоласини босишга тўғри келиб қолганда Р.Ҳасан, Р.Ҳасанов, Ҳ.Рўзимов каби имзолар қўйишган. 90 йиллар бошида бир вақтнинг ўзида Республиканинг учта газетасининг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб ишлагани ҳам журналистика тарихидаги камёб ҳодисалардан бири.
Рўзимбой Ҳасан кўпроқ фельетончи журналист сифатида танилган. Унинг 50 дан ортиқ фельетонлари журналистика факультетида талабаларга услубий қўлланма сифатида ўқитилади. Гапнинг очиғи, бугунги кунда бу жанрда мақола ёзадиган журналистлар саноқли. Рўзимбой ака бу йўналишда ижодий фаолиятини ҳамон давом эттиряпти. Долзарб мавзулардаги чиқишлари ижтимоий тармоқларни титратаётгани, Рўзимбой Ҳасан бугун нима ҳақида, ким ҳақида ёзар экан деб кўпчилик унинг шахсий саҳифаларини кузатиб бораётгани ҳам бор гап. Ижодкорнинг юрт тарихи, замондошлари ҳақида 40 дан ортиқ китоблари чоп этилгани, қатор сценарийлари асосида ҳужжатли фильмлар суратга олинганини ҳам қайд этиб ўтиш лозим. Роман-эссе жанрида яратган асарлари алоҳида мавзу.
Кеча Президентимизнинг «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига кўра соҳадаги кўп йиллик самарали хизматлари учун Рўзимбой Ҳасанов «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Бу юксак мукофот таниқли ижодкорнинг заҳматли меҳнатларига берилган муносиб баҳо, ҳаққоний эътироф бўлди! Рўзимбой Ҳасан каби жамиятда адолат тантанаси учун курашувчи ўтюрак журналистлар ижоди сўз эркинлиги йўлидаги ҳайқириқ бўлиб баралла янграйверади!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг