21 август кунги хайрия ҳашари тадбирларида 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланди

01:45 23 Август 2021 Жамият
1479 0

Ўзбекистонда 21 август куни «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилганди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ушбу ҳашар давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Хабарга кўра, мамлакат маҳаллалари бўйлаб ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари давомида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

14 минг 71 гектардан ортиқ майдонлар ободонлаштирилди ва санитар тозаланди;

12 минг 60 тоннадан зиёд чиқиндилар чиқариб ташланди;

12 минг 419 километр узунликдаги ариқ ва лотоклар тозаланди;

9 минг 287 та қабристон ва 711 та зиёратгоҳлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди;

5 миллион 250 мингдан зиёд дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди.

Қайд этилишича, ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 8 минг 460 та техника воситалари жалб этилди.

Шунингдек, ҳашар куни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатиш бўйича қуйидаги тадбирларни амалга оширилган:

5 минг 947 та кам таъминланган оилаларнинг 168 минг метр квадратдан зиёд уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди;

10 минг 297 нафар эҳтиёжманд оилаларга, шундан 3456 нафар ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Мазкур хайрия тадбирлари орқали 3 миллиард 193 миллион сўмдан ортиқ, шундан 189 миллион сўмдан ортиқ маблағ «Маҳалла» фонди ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишга сарфланди.

Бундан ташқари, ҳашар куни маҳаллаларда 141 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар, шундан 22 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари (гўзаллик салони, сартарошхона, кутубхона, дорихона, новвойхона, нуронийлар маркази ва бошқалар) 25 та савдо объектлари, 9 та ишлаб чиқариш цехи, 34 та маҳалла биноси, 7 та болалар спорт майдончалари, 44 та бошқа объектлар фойдаланишга топширилди.

Ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 9 миллион 700 мингдан зиёд фуқаро (шундан 5 миллион 664 минг нафардан ортиқ ёшлар) иштирок этди.

Хабарга кўра, август ойи давомида мамлакатнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги тасдиқланган режа асосида кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, янги маҳалла биноси, гузарлари ва болалар майдончаларини қуриш ва таъмирлаш ишлари билан давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер