2050 йилга бориб, кўкрак бези саратони билан касалланиш қарийб 40 фоизгача ортади — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти

14:01 04 Март 2025 Дунё
357 0

Дунё бўйлаб йилига 2,3 миллион нафардан ортиқ аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилади. Бу рақамлар йилдан йилда ошиб бормоқда, дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.

Ташкилот ҳисоботига кўра, касалликнинг ўсиш сурати шундай давом этадиган бўлса, 2050 йилга бориб, касалликка чалинганлар сони 38 фоизга, ўлим даражаси эса 68 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда.

Бу касаллик турли хил усулларда рўёбга чиқиши мумкин, аммо энг асосий сабаблардан бири ёш кўрсаткичлари ҳамда генетик факторлар ҳисобланади.

«Қатор омиллар орасида энг кўп учрайдиган ҳамда ушбу касалликни келтириб чиқарувчи сабаблар инсон генидаги айрим факторлар ҳамда инсоннинг ёш кўрсаткичларига боғлиқ. Носоғлом турмуш тарзи, хусусан, спиртли ичимликлар истеъмоли, камҳаракатлик ва ортиқча вазн ҳам касалликнинг ривожланишига сабаб бўлади», — дейди экспертлар гуруҳи ўз хулосаларига таяниб.

Сўнгги тадқиқотлар натижасида аниқланишича, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш орқали кўкрак бези саратони хасталигига чалиниш қарийб 25 фоизга камайиши мумкин.

Шунингдек, бугунги кунда дунё бўйлаб 30 га яқин мамлакатларда кўкрак бези саратонидан ўлим даражаси сезиларли камайиб бормоқда. Шифокорлар бу ҳолатни касалликнинг эрта аниқланиши ва тўғри даволаш усуллари билан боғлашмоқда.

Халқаро Саратон тадқиқотлари агентлиги томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, дунё бўйлаб ҳар 20 аёлдан 1 нафари ҳаёти давомида кўкрак бези саратони билан касалланади.

«Бу касалланиш кўрсаткичи шундай давом этса, 2050 йилга келиб кўкрак бези саратони билан боғлиқ 3,2 миллион янги ҳолат аниқланади. Касалликдан ўлим топиш ҳолатлари ҳам йилига 1,1 миллионгача ортиши мумкин», — дейди тадқиқотлар агентлиги ўз ҳисоботида.

Маълумот учун, 2022 йил давомида дунё миқёсида кўкрак бези саратони билан боғлиқ 2,3 миллион янги ҳолат рўйхатга олинган. Шу йилнинг ўзида эса касаллик туфайли 670 минг нафар инсон вафот этган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер