2-сектор: камбағалликдан чиқариш — устувор вазифа

10:34 29 Май 2021 Жамият
884 0

​​​​​​​Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Сурхондарё вилоятининг энг кенжа тумани, бу — Бандихон. Ўтган йилда ташкил топган ушбу тумандаги 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида 76 минг 989 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Шундан 2-секторга бешта маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган. Янги тизим асосида сектор раҳбари ва масъуллар 18 минг 613 нафар аҳолининг дарду ташвиши, яхши ва ёмон кунларида елкадош бўлиб келмоқда.

Хусусан, Бандихон тумани прокурори вазифасини бажарувчиси, адлия маслаҳатчиси Зайниддин Абдуллаев раҳбарлигида томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, янги иш ўринлари яратиб, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти.

Шу орқали уларни камбағалликдан чиқариш, ҳар бир инсоннинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан манфаатдор бўлган ҳолда бахтли ҳаёт кечиришларини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.

— Сектордаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаоллари билан биргаликда оғир вазиятга тушиб қолган 1188 нафар оила аъзолари бўлган 279 та оила танлаб олиниб, “темир дафтар”га киритилган, — дейди З. Абдуллаев. — Сектор томонидан уларни қўллаб-қуватлаш, бу оғир аҳволдан чиқариш мақсадида турли ёрдамлар кўрсатиб келиняпти. Энг аввало, мазкур оилаларнинг шарт-шароит ва имкониятлари батафсил ўрганилиб, натижасига кўра, ушбу оилаларга жами 436 та 274 млн. 286 минг сўмлик ёрдамлар кўрсатилган.

Айтиш жоизки, иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, қурилиш комплекслари, расмий ва норасмий сектор ҳамда бошқа фаолият турлари доирасида 211 нафар эҳтиёжманд оилалар аъзолари доимий, 111 нафар фуқаролар жамоатчилик ишларига жойлаштирилган. Кўрсатилган амалий ёрдамлар, хусусан, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга доимий даромад манбаи яратилганлиги натижасида 256 та оила “темир дафтар”дан  чиқарилган.

Шунингдек, ушбу дафтарда қолган оилалар туман прокурори сектор раҳбари эътиборида.

— Секторимиз ҳудудида 680 нафар ёш “ёшлар дафтари”га киритилган, — дейди прокурор биз билан суҳбатда. — Йил бошидан буён жами 360 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Уларга кредит ажратиш орқали тадбиркорликка жалб этилди, касб-ҳунарга ўқитилди, тадбиркорлар ва “устоз-шогирд” анъанаси доирасида ҳунармандларга бириктирилди, 130 нафарига 17 гектар ер майдони ажратилди. Бу эса кўзланган мақсадимиз — улар муаммоларига ижобий ечим топишимизда муҳим ўрин тутяпти.

Мисол учун, “Бектепа” маҳалласида яшовчи ишсиз фуқаро Азимбек Амонов туман прокурорига сартарошликни йўлга қўйиш йўллаган мурожаати қатъий назоратга олинди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ушбу ёшга 15 млн. сўм кредит ажратилиб, сартарошлик учун керакли бўлган жиҳозлар олиб берилди. Бугунги кунда у ўз фаолиятини бошлаган.

Яна бир муҳим масала, бу — аёллар масаласи. Шу боис 123 нафари “аёллар дафтари”га киритилиб, уларга кўмак бериш тизими йўлга қўйилган. Дафтарга киритилган 49 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди, 16 нафари ишга жойлаштирилди, 12 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 17 нафарига кредит ажратиб берилди, 4 нафарига томорқасидан даромад олиши учун кўмак берилди, 2 нафарига ҳуқуқий, бир нафарига психологик, 17 нафарига тиббий ёрдамлар ва олти нафарининг уй-жойини таъмирлашда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Шунингдек, 21 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёлларга, 9 нафар 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлларга ва 1 нафар қарамоғида ногирони бўлган аёлларга бир марталик моддий ёрдамлар берилиши таъминланди. Йил бошидан буён жами 111 нафар (90 фоиз) аёлларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, туман прокурори 2-сектор раҳбари ташаббуси ва ҳомийлар ёрдамида сектор ҳудудида яшовчи уй-жойини таъмирлашга муҳтож 1-гуруҳ ногирони, “Наврўз” маҳалласида яшовчи фуқаро Ойрўзи Аллашованинг уй-жойи таъмирлаб берилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати доимий ўрганиб борилиб, муаммоси борларига маҳаллий бюджет, ҳомийлар маблағлари ҳисобига ва ҳашар йўллари билан зарур ишлар бажарилган. Хусусан, бевосита сектор раҳбари ташаббуси билан 6,9 км. йўлларга шағал ётқизилиб, таъмирланди, 2,1 км. газ қувури таъмирланди, 29 та газ тақсимлаш қурилмалари ва аҳолини маиший газ баллонга бўлган талабини қондириш мақсадида 90 дона газ балонлари берилди.

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 1 дона сув минораси таъмирланган ва 5 км. сув қувури тортилган. Натижада 362 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 75 та хонадон тоза ичимлик суви билан таьминланди. Бундан ташқари, битта соғлиқни сақлаш муассасаси жорий таъмирлаш ва 120 ўринга мўлжалланган янги мактабгача таълим бўлими қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Тумандаги “Обизаранг” маҳалласида жойлашган 10-сонли МТМ биноси таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги сабабли туман прокурорнинг ташаббуси билан ҳомийлар маблағлари ҳисобидан бино таъмирлаб берилди. Бундан ташқари, “Меҳнат” маҳалласида жойлашган 75-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси 200 млн. сўм маблағ эвазига капитал таъмирланди.

Шунингдек, “Бектепа”, “Обод турмуш” ва “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини биносининг ички ва ташқи кўриниши замонавий қиёфа касб этди.

Юқорида қайд этилган ишлар билан бир қаторда, тумандаги тижорат банклари билан ҳамкорликда сектор ҳудудида 357 млрд. сўмлик 20 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг тўққизтаси шу йилда ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада 336 та янги иш ўрини яратилиб, ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланади.

 

“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер